Техасда сув тошқинлари оқибатида 82 киши ҳалок бўлди
АҚШнинг Техас штатида юз берган сув тошқинлари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 82 нафарга етди, 40 дан ортиқ фуқаро бедарак йўқолган. Бу ҳақда манбаларга таяниб Al Jazeera хабар берди.
Маълумотларга кўра, 4 июль куни мустақиллик байрами арафасида ёққан кучли ёмғирлар Гуадалупе дарёсининг тошишига сабаб бўлган. Энг катта талафот Керр округида қайд этилган бўлиб, Camp Mystic ёзги лагерида бўлган бир неча ўнлаб одамлар сув остида қолган.
Расмийларга кўра, ҳозирга қадар 68 нафар фуқаронинг жасади топилган, уларнинг 28 нафари болалардир. Яна 11 нафар шахс – 10 қиз ва бир нафар тарбиячи – ҳанузгача қидирилмоқда.
Давлат ва маҳаллий қутқарув хизматлари ишларни давом эттирмоқда. Ҳудуддаги об-ҳаво шароити оғирлигича қолмоқда – ёмғир ёғиши ва яна сув сатҳининг кўтарилиши эҳтимоли мавжудлиги айтилган.
Фавқулодда вазиятларга жавоб берувчи федерал агентлик (FEMA) штатда фаолият бошлаган. АҚШ президенти Доналд Трамп фавқулодда ҳолат эълон қилган ва федерал ёрдам кўрсатиш бўйича ишлар олиб борилаётганини билдирган.
Воқеа юзасидан эвакуация ва огоҳлантириш жараёнлари бўйича саволлар пайдо бўлмоқда. Хусусан, айрим ҳудудларда сув тошқини хавфи ҳақида аҳолига вақтида хабар берилмагани айтилмоқда.
Ҳукумат вакиллари сув тошқинларининг сабаблари ва оқибатларини ўрганишда давом этмоқда. Мутахассисларнинг қайд этишича, экстремал об-ҳаво ҳодисалари интенсивлашиб бораётган бўлиб, бу турдаги фалокатларнинг олдини олиш ва зарарни камайтиришга доир механизмлар кучайтирилиши лозим.