Арманистон ва Озарбайжон раҳбарлари БААда тинчлик музокараларини ўтказди
Арманистон ва Озарбайжон раҳбарлари БААда узоқ йиллик можарога якун ясаш бўйича учрашди. Бу ҳақда Al Jazeera хабар берди.
Арманистон бош вазири Никол Пашинян ва Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Бирлашган Араб Амирликларининг Абу-Даби шаҳрида учрашиб, икки давлат ўртасидаги узоқ йиллик можарони якунлаш бўйича тинчлик музокараларини ўтказди.
Музокаралар 2025 йил март ойида тайёрланган тинчлик битими лойиҳасидан сўнгги илк расмий учрашув ҳисобланади.
Учрашув БАА Ташқи ишлар вазири шайх Абдуллоҳ бин Зоид Al Наҳаён иштирокида ўтди.
Тинчлик жараёни 2023 йил сентабрида Озарбайжон Тоғли Қорабоғ устидан тўлиқ назоратни қўлга киритганидан сўнг фаоллашган эди. Можаро натижасида минтақани тарк этган 100 мингга яқин арман аҳолиси Арманистонга кўчган.
Битимнинг аниқ имзоланиш санаси ҳали белгиланмаган. Шунингдек, Озарбайжон Арманистон конституциясида ўз ҳудудига нисбатан даъволар мавжудлигини таъкидлаб, уни ўзгартиришни талаб қилмоқда. Ереван бу айбловларни инкор этмоқда, бироқ бош вазир Пашинян конституцияни янгилаш заруриятини қайд этган.
Озарбайжон, шунингдек, ўз асосий ҳудудини Нахчивон анклавига боғлайдиган транспорт йўлаги очилишини истамоқда. Бу масала эса ҳали очиқ қолмоқда.
Маълумот учун, Пашинян ва Алиев охирги бор май ойида Албанияда учрашган, июнь ойида эса Пашинян Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан музокаралар олиб борган.
АҚШ Давлат котиби Марко Рубио бу ҳафтада томонларни тез орада якуний тинчлик битимига келишига умид билдириб ўтди.