Ўзбекистонда Тожикистондан келтирилган 30 кг ортиқ наркотик моддалари аниқланди

Мамлакатга Тожикистондан олиб келинган жами 32 кг наркотик моддалари ашёвий далил сифатида олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Хусусан, Фарғона вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда, Тожикистон Республикасидан контрабанда қилинган гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланувчи, фуқаронинг Қўқон шаҳридаги яшаш хонадони кўздан кечирилади. Натижада хонадон ошхонасида 4 кг 572 гр «опий» ҳамда 1 кг 58 гр «гашиш» моддалари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинади.

Шунингдек, унга тожикистонлик наркосавдогарлар WhatsApp мессенжеридан юборган геолокация орқали – муқаддам Данғара тумани ҳудудига яшириб кетилган 9 кг 980 гр «опий» моддаси хам олинди.

Бундан ташқари, унга гиёҳвандлик воситаларини қайта ишлаб, истеъмолга тайёр ҳолатга келтириш учун ёрдам берган, Қўқон шаҳрида истиқомат қилувчи, шахс ўзининг яшаш хонадонида нарколаборатория ташкил қилганлиги аниқланиб, ундан ҳам 7 кг 226 гр «опий» моддаси олинади.

Бошқа ҳолатда эса Қўқон шаҳри ҳудудида ҳаракатланаётган, маҳаллий фуқаро бошқарувидаги Lacetti русумли автотранспорт воситаси тўхтатилиб кўздан кечирилганда, унда муқаддам 34 минг АҚШ долларига сотиб олинган 5 кг 22 гр «опий» моддаси борлиги маълум бўлди.

Сўнгра тезкор тадбир давом эттирилиб, унга наркотик моддани сотган, ҳамшаҳари ва унинг жиноий шериги бўлган Тожикистон фуқароси қўлга олинади.

Шунингдек, тожикистонлик фуқаронинг Ўзбекистон туманидаги хонадонидан ҳам 2 кг 362 гр «опий» моддаси олинди.

Қўқон шаҳрида қайд этилган яна бир ҳолатда Nexia русумли автомашина тўхтатилиб, унда йўловчи сифатида кетаётган, фуқарога тегишли сумка ичида 982 гр «гашиш» моддаси борлиги маълум бўлади.

Бундан ташқари, Фарғона шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда эса яна бир шахс Тожикистондан олиб келинган 989 гр «гашиш» моддасини харидорга 150 млн сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланади.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан қонунбузарларга нисбатан Жиноят Кодексининг 246 ва 273-моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди.  Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон