Ўзбекистонда тўловларни қабул қилиш учун ягона QR-код ишга туширилди

Истеъмолчи исталган банк ёки тўлов ташкилотининг мобил иловаси орқали кодни сканерлаб, харидлар учун тўловни амалга ошириши мумкин

Ўзбекистонда UzQR миллий QR-кодлар тизими ишга туширилди, деб хабар бермоқда Марказий банк матбуот хизмати.

Қайд этилишича, ягона UzQR — бу тўловларни янада осон ва қулай қилишга хизмат қилувчи ягона QR тизимидир. Унинг ёрдамида фойдаланувчилар исталган банк ёки тўлов иловаси орқали битта QR-код ёрдамида тўловни амалга оширишлари мумкин.

Мазкур тизим нақд пулсиз тўловларни кенгайтириш, истеъмолчилар учун қулайлик яратиш ҳамда банклар ва тўлов ташкилотлари ўртасида соғлом рақобатни ривожлантиришга хизмат қилади.

Хусусан, марказий банк томонидан ягона QR-онлайн тизими иштирокчилари учун 0,65% ягона тариф белгиланган. Ушбу тариф харидорларга эмас, савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналари, яъни мерчантлар учун татбиқ этилади.

Шу билан бирга, айрим банклар ёки тўлов ташкилотлари ўз хизмат шартларидан келиб чиқиб қўшимча комиссия белгилаши мумкин. Бундай ҳолатларда фойдаланувчиларга ўзлари фойдаланаётган банк ёки тўлов иловаси шартлари билан танишиш тавсия этилади.

Қўшимча қилинишича, бугунги кунда Ўзбекистонда QR-тўловлар бозорида бир қатор ечимлар фаолият юритмоқда. Жумладан, ТезQR, Payme QR, Click QR, Uzum QR, Раҳмат, Paynet ва бошқа хизматлар орқали тўловларни амалга ошириш мумкин. Бозордаги айрим ечимларда савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналари учун 1% ёки унга яқин ёки кўпроқ миқдордаги комиссиялар қўлланилиши амалиёти мавжуд.

Шу билан бирга, мазкур ечимларнинг айримлари маълум иловалар, экотизимлар ёки махсус ҳаволалар орқали ишлаши мумкин. Ягона UzQR тизимининг асосий афзаллиги эса унинг универсаллигидадир.

Яъни, бунда битта QR-код барча банклар ва тўлов ташкилотларининг мобил иловаларида ишлаши кўзда тутилган бўлиб, фойдаланувчи қайси иловадан фойдаланишидан қатъи назар, тўловни амалга ошириши мумкин.

Ўзбекистон