Ўзбекистонда Россиядан контрабанда қилинган наркотик моддалар айланмасига чек қўйилди
Мазкур наркотик моддалар Россия Федерациясидан контрабанда йўли билан олиб келинган

Фарғона ва Хоразм вилоятларида гиёҳвандлик воситалари савдосига чек қўйилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Жумладан, Фарғона вилояти Бувайда туманида ўтказилган тезкор тадбирда «Марғилон – Бувайда» йўналишида ҳаракатланаётган Cobalt русумли автотранспорт воситаси тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилди.
Натижада, унда йўловчи сифатида кетаётган – Қўштепа туманида яшовчи шахснинг ёнида 1 кг 187 гр «гашиш» моддаси борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинади.
Бошқа ҳолатда эса Хоразм вилояти Урганч шаҳрида тезкор тадбир ўтказилди.
Тадбир давомида 1995 й.т., муқаддам судланган шахснинг ёнидан ва вақтинча яшаш хонадонидан жами 620 гр «гашиш» ва 297 гр «мефедрон» гиёҳвандлик воситалари ашёвий далил сифатида олинган.
Маълум бўлишича, мазкур наркотик моддалар Россия Федерациясидан контрабанда йўли билан олиб келинган.
Ҳар икки ҳолат бўйича қонунбузарларга нисбатан жиноят ишлари қўзгатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.





