Ўзбекистонда Маҳаллани ривожлантириш миллий институти ташкил этилади
Ўзбекистонда Маҳаллани ривожлантириш миллий институти ташкил этилади

Президент Шавкат Мирзиёев маҳаллалар фаолиятини рақамлаштириш ва Маҳаллани ривожлантириш миллий институтини ташкил этиш юзасидан тақдимот билан танишди, деб хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.
Тақдимотда маҳаллалар фаолиятини рақамлаштириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. «Маҳалла еттилиги» томонидан уйма-уй ўрганишлар давомида 1 миллион 365 минг нафар аҳолининг муаммолари аниқлангани қайд этилди.
Ушбу муаммоларни тезкор ҳал қилиш мақсадида 35 та вазирлик ва идоранинг ахборот тизимлари «Рақамли маҳалла» платформасига уланади. Платформа орқали маҳалладаги долзарб масалаларни аниқлаш, мурожаатларни тизимли таҳлил қилиш ва тегишли ечимларни тезкор белгилаш имкони яратилади.
Шунингдек, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали ҳар бир маҳалладаги энг долзарб муаммоларни олдиндан аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича янги тизим йўлга қўйилади.
Ҳар бир маҳалланинг ўзига хос хусусиятидан келиб чиқиб, банклар билан биргаликда аҳолининг бизнес ташаббуслари ва инвестиция лойиҳалари портфели шакллантирилади. Бу маҳалладаги мавжуд имкониятларни иш ўрни ва даромад манбаига айлантиришга хизмат қилади.
Шу муносабат билан Маҳаллани ривожлантириш миллий институтини ташкил этиш таклифи билдирилди. Институт фаолияти катта илмий салоҳиятга эга Давлат бошқаруви академияси билан боғлиқ ҳолда йўлга қўйилади, — дейилади хабарда.
Янги институт маҳалла тизимидаги ислоҳотларни илмий таҳлил қилиш, илғор тажрибаларни ўрганиш ва оммалаштириш, «еттилик» фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича амалий тавсиялар ишлаб чиқиш билан шуғулланади. Ушбу тизим орқали ҳар йили 21 минг нафар маҳалла тизими ва «еттилик» аъзоларининг малакаси оширилади.
Маҳалла фуқаролар йиғинлари бинолари масаласи ҳам муҳокама қилинди. Бугунги кунда 99 та маҳалла ўз биносига эга эмас, яна 84 тасининг биноси шаҳарсозлик нормаларига мос келмайди, 4 та бино эса авария ҳолатида экани қайд этилди.
Тадбиркорлар томонидан маҳалла биноларини хусусий шериклик асосида қуриш, биноларнинг бир қисмига «еттилик» ни бепул жойлаштириш, қолган қисмида эса аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қиладиган кичик цехлар ва сервис объектларини ташкил этиш таклиф қилинди.
Президент мазкур таклифларни қўллаб-қувватлаб, мутасаддиларга «Рақамли маҳалла» платформасини тўлиқ ишга тушириш, маҳаллаларнинг доимий даромад манбаларини кенгайтириш, Маҳаллани ривожлантириш миллий институти фаолиятини ташкил этиш ҳамда маҳалла биноларини хусусий шериклик асосида барпо қилиш бўйича топшириқлар берди.





