Шавкат Мирзиёев Янги Наманганда IT-парк қурилишига тамал тоши қўйди

Янги лойиҳаларни ишга тушириш ва қурилишига старт бериш маросими бўлиб ўтди

Президент Шавкат Мирзиёев Давлатобод туманидаги Янги Наманган шаҳарчаси ҳудудида IT-парк қурилишига тамал тоши қўйиш маросимида иштирок этди.

Давлат раҳбари барча ҳудудларда рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини жадал ривожлантириш, юқори даромадли иш ўринлари ва замонавий қувватларни кўпайтириш Янги Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг асосий йўналишларидан бири этиб белгиланганини таъкидлади.

Айни мақсадга кўра, алоҳида дастур ва қарорлар қабул қилиниб, зарур маблағлар ва масъуллар аниқ белгиланган ҳолда тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Қайд этилганидек, биргина Наманган вилоятининг ўзига йил бошидан 2 миллиард долларлик хорижий инвестиция киритилди. Бугун Хитой, Туркия, Ҳиндистон ва Россиялик ҳамкорлар билан барпо этилган 1 миллиард 800 миллион долларлик 20 та янги қувват ишга туширилмоқда.

Улар ҳисобидан фармацевтика, енгил саноат, электротехника, қурилиш материаллари, озиқ-овқат ва кимё саноатида 6,5 мингта иш ўрни яратилади, 30 дан зиёд янги маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Ушбу лойиҳалар орқали вилоят иқтисодиётига 3 триллион 600 миллиард сўмлик айланма, 200 миллион долларлик экспорт ва бюджетга 400 миллиард сўмлик тушум қўшилади.

Шу билан бирга, Наманганда саноат, туризм, савдо комплекслари ва уй-жой қурилишига катта туртки берадиган яна 4 миллиард долларлик 28 та лойиҳага старт берилмоқда.

Президент Наманган вилояти аҳолисининг 1 миллион 600 мингдан ортиғини ёшлар ташкил этиши, бу жуда катта ижтимоий-иқтисодий капитал эканини таъкидлади. Ёшларга ахборот технологиялари, сунъий интеллект каби замонавий билимлар бериб, уларни юқори даромадли касбларга ўргатиш бўйича катта стартап лойиҳалар амалга оширилаётгани қайд этилди.

Экспертлар Ўзбекистоннинг сунъий интеллект бўйича салоҳиятини 10 миллиард долларга баҳоламоқда. Ушбу салоҳиятни имкониятга, имкониятни эса аниқ лойиҳа, янги иш ўрни ва юқори қўшилган қийматга айлантириш зарурлиги таъкидланди.

Сўнгги йилларда Нукус, Қарши, Термиз, Урганч ва Фарғона шаҳарларида замонавий IT-парклар ишга туширилди. Ўтган йили октябрда пойтахтимизда IT-парк лойиҳасининг иккинчи босқичи бошланган эди.

Хитойлик ҳамкорлар билан 117 миллион долларлик йирик лойиҳа асосида республиканинг 6 та ҳудуди – Янги Наманган, Самарқанд, Чирчиқ, Нурафшон, Урганч ва Навоий шаҳарларида IT-парклар қурилади. Янги Наманган шаҳрида барпо этиладиган мажмуа ушбу лойиҳанинг илк қалдирғочи бўлади.

Лойиҳага мувофиқ, 1,7 гектар майдонда 17 қаватли замонавий бино барпо этилади. Бино хорижий ҳамкорлар томонидан лойиҳалаш ва қурилишдан тортиб, ички жиҳозлашгача бўлган барча босқичларни қамраб олган ҳолда тўлиқ тайёр ҳолда фойдаланишга топширилади.

Майдони қарийб 18 минг квадрат метр бўлган ушбу замонавий мажмуада таълим ва экспорт марказлари, коворкинг ва офис майдонлари, стартап акселератори ҳамда хорижий компаниялар учун махсус хизмат кўрсатиш тизими ташкил этилади.

Бу ерда ўнлаб компаниялар ва стартап студиялар ягона ахборот технологиялари экотизими сифатида фаолият юритади. Мажмуада наманганлик 2 мингга яқин ёшлар учун юқори даромадли иш ўринлари яратилади.

Лойиҳанинг ишга тушиши вилоятда АТ хизматлар йиллик ҳажмини 500 миллиард сўмга, экспортни эса 30 миллион долларга етказишга замин яратади.

Давлат раҳбари лойиҳани амалга оширишда иштирок этаётган хорижий ҳамкорларга миннатдорлик билдирди. Шундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев Янги Наманган IT-парки қурилишига тамал тоши қўйди.

Шу ернинг ўзида вилоятдаги янги лойиҳаларни ишга тушириш ва қурилишига старт бериш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон