Ҳиндистонда мактаб томи қулаб тушиши оқибатида 4 нафар бола ҳалок бўлди

Ражастхон штати Бармер туманидаги давлат мактабида том қулаб тушиши оқибатида камида 4 нафар бола ҳалок бўлди. Бу ҳақда манбаларга таяниб Al Jazeera хабар берди.

Ҳодиса синфхонада кунлик дуо маросимидан сўнг, 25−30 нафар ўқувчи бўлган вақтда юз берган. Томнинг қулашига бинонинг эскирган ҳолати ва сўнгги кунларда ёққан кучли ёмғирлар сабаб бўлган бўлиши мумкин, дея билдирган полиция расмийси Амит Кумар.

Жароҳатланганлардан айримларининг аҳволи оғирлиги айтилмоқда. Қутқарувчилар ва маҳаллий аҳоли кранлар ёрдамида вайроналарни тозалашда давом этмоқда. Ҳозиргача 32 нафар ўқувчи вайроналар остидан тирик чиқарилган.

Ражастхон штати таълим вазири Мадан Дилавар воқеа жойига тегишли кўрсатмалар берганини, жароҳатланганлар даволаниши ва уларнинг оилаларига ёрдам кўрсатилиши таъминланишини билдирган. Вазир тергов бошланишини ҳам маълум қилган.

Штат бош вазири Бҳажанлал Шарма Х тармоғида воқеа юзасидан баёнот бериб, жароҳатланганлар учун барча зарур чора-тадбирлар кўрилаётганини айтди.

Ражастхон штатида сўнгги ҳафталарда ёғаётган кучли муссон ёмғирлари ортидан қишлоқ ҳудудлардаги эски мактаб бинолари хавфсизлигига оид хавотирлар кучайган.

Жаҳон