Топ-300 талик олийгоҳга кирган ёшларга имтиёзли таълим кредити берилади

Топ-300 талик олийгоҳларга кирган ўзбекистонлик ёшларга ўқиш ва яшаш харажатлари учун $20 минггача имтиёзли таълим кредити ажратилади. Бу ҳақда Президент матбуот котиби маълум қилди.

Таъкидланишича, бу чора «Эл-юрт умиди» жамғармаси фаолияти такомиллаштирилиши доирасида амалга оширилади. Янги тизим ўқиш ва яшаш харажатларини молиялаштиришни кўзда тутади.

Шунингдек, STEM, энергетика, транспорт, архитектура, қурилиш, қишлоқ ва сув хўжалиги каби соҳалар учун квоталар кўпайтирилиши режалаштирилмоқда.

Беруний номидаги халқаро мактабда «Гарвардчилар» лойиҳаси доирасида 8-синф битирувчилари орасидан 60 нафар ўқувчи танлаб олиниб, тайёрлов босқичидан ўтказилади. Келгусида бу кўрсаткич оширилиши кўзда тутилган.

Миллий дастурга мувофиқ ҳар йили 3 минг нафар салоҳиятли ўқувчини нуфузли халқаро олийгоҳларга тайёрлаш режалаштирилган бўлиб, улардан камида 300 нафари эҳтиёжманд оилалар фарзандларидан иборат бўлади.

 

Ўзбекистон