Ўзбекистонда адвокатлар ҳам суд-экспертизаси тайинлаш ҳуқуқига эга бўлди

Ўзбекистонда адвокатлар ҳам суд-экспертизаси тайинлаш ҳуқуқига эга бўлди, нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари экспертларининг ҳам судларда иштирок этиш ҳуқуқи белгиланди.

Қайд этилишича, 3 август куни «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги қонуни қабул қилинган. Унга мувофиқ, адвокатлар касбий фаолиятини амалга ошириш давомида яна бир қанча ҳуқуқларга эга бўлган.

Жумладан, иқтисодий, фуқаролик ва маъмурий иш юритилаётганда ишни суд муҳокамасига тайёрлаш чоғида ёки суд муҳокамаси жараёнида давлат суд-экспертиза муассасалари ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари томонидан шартнома асосида ишонч билдирувчи шахс розилиги билан экспертиза ўтказилишини сўраш, шунингдек, экспертиза хулосаси иш материалларига қўшиб қўйилишини ва суд томонидан ушбу хулоса ишдаги мавжуд далиллар билан биргаликда баҳоланишини талаб қилиш ҳуқуқи.

«Адвокат томонидан тайинланадиган суд экспертизанинг афзаллиги шундаки, бунда адвокат шахсан ҳал этилиши лозим деб топган саволларни экспертлар олдига қўйиш ва ушбу саволлар асосида хулоса олиш имкониятига эга бўлади. Бу эса, судда тортишув институти тамойилининг тўлақонли амалга оширилиши орқали одил судловни янада таъминлашга асос бўлиб хизмат қилади», — деб ёзади вазирлик масъули.

Шу билан бирга, қонун билан нодавлат суд экспертиза институти фаолиятининг ҳуқуқий асослари янада мустаҳкамланган, процессуал қонунчилик ҳужжатларида нодавлат суд-экспертларининг суд иш юритувидаги иштироки ҳамда уларнинг ваколатини белгилаш мақсадида Фуқаролик процессуал кодекси, Иқтисодий процессуал кодекси ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.

Хусусан, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий суд ишларини юритишда эксперт сифатида нодавлат суд-экспертиза ташкилотининг эксперти ҳам иштирок этиши, суд ҳамда адвокатлар давлат суд-экспертиза муассасалари билан бир қаторда нодавлат суд-экспертиза ташкилотларига ҳам экспертизалар тайинлаши мумкинлиги белгиланган.

Янгиликлар