Бухоро давлат тиббиёт институтида диссертация ҳимоя қилиш илмий кенгаши иш бошлади

Бухоро давлат тиббиёт институтида «Неврология» ва «Aкушерлик ва гинекология» мутахассисликлари бўйича тиббиёт фанлари бўйича фалсафа доктори илмий даражасини олиш учун диссертацияларни ҳимоя қилиш илмий кенгаши иш бошлади. Бу ҳақда ЎзA хабар қилди.

Фото: ЎзA

Хабарга кўра, шу кунга қадар ушбу йўналишдаги илмий ишларни ҳимоя қилиш пойтахтда ўтказилар эди. Ушбу илмий кенгаш ўқитувчилар ва талабаларнинг фундаментал тадқиқотларга жалб қилинишини кенгайтириш, илм-фан ва таълимнинг интеграциясини кучайтириш, илмий кадрлар сифатини оширишга хизмат қилади. Шунингдек, институтнинг илмий секторини талаб қилинадиган илмий натижалар манбаи бўлишига, мамлакат ва чет элда академик ҳамжамият ўртасида рақобатбардош бўлишга ёрдам беради.

Маълум қилинишича, тиббиёт фанлари бўйича фалсафа доктори илмий даражасини олиш учун Наргиза Мансурова томонидан «Неврология» ихтисослиги бўйича «Ўзбек ва япон миллатида Паркинсон касаллигининг қиёсий клиник ва патобиокимёвий жиҳатлари» мавзусида биринчи диссертация ҳимояси ҳам бўлиб ўтган.

Фото: ЎзA

Ҳимоя натижаларига кўра, илмий кенгаш диссертация иши Олий аттестация комиссиясининг қарори билан тасдиқланган илмий даражалар бериш тўғрисидаги низомда назарда тутилган талабларга жавоб берадиган илмий ва малакавий иш эканлиги тўғрисида хулосага келган. Шунингдек, номзодга фалсафа доктори илмий даражасини бериш тўғрисида қарор қабул қилган.

Aввалроқ Ҳиндистонда Бухоро давлат тиббиёт институтининг филиали очилгани ҳамда Бухоро давлат тиббиёт институтида ўқишни хоҳлаган Ҳиндистон фуқароси Деҳли судига мурожаат қилгани ҳақда хабар қилинганди.

Янгиликлар