Бухоро давлат тиббиёт институтида ўқишни хоҳлаган Ҳиндистон фуқароси Деҳли судига мурожаат қилди

Бухоро давлат тиббиёт институтида ўқишни хоҳлаган Ҳиндистон фуқароси Ишика Кумари Деҳли Олий судига мурожаат қилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Фото: ЎзА

Маълум қилинишича, 2019/2020 ўқув йилидан Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институтида Ҳиндистон ва унга қўшни мамлакатлар фуқароларини ўқитиш мақсадида MBBS дастури йўлга қўйилган. Дастлабки йилда 50 га яқин Ҳиндистон фуқароси ўқишга қабул қилиниб, ўқув йилини маваффақиятли якунлаган.

Ҳиндистонда тиббиёт ёки стоматология йўналишларида олий таълимни давом эттирмоқчи бўлган абитуриентлар NEET мажбурий имтиҳонларини топшириши керак. Бу имтиҳон мамлакат бўйлаб ҳар йили май ойида бўлиб ўтказилган. Аммо 2020 йилда коронавирус пандемияси боис миллий имтиҳон аввал июль, ундан сўнг сентябрь ойига қолдирилган. Бу эса хорижий мамлакатларга бориб, ўқишни давом эттирмоқчи бўлган абитуриентларга ноқулайлик туғдирган. Чунки МДҲ мамлакатлари, жумладан, Ўзбекистонда ҳам ўқиш биринчи курслар учун октябрда бошланиши эълон қилинган.

Ишика Кумари Бухоро давлат институга ўқишга топширмоқчи бўлгани учун Деҳли Олий Судига куни сурилган НЕЕТ имтиҳонларини истисно тариқасида 2020 йилда бекор қилишни сўраб мурожаат қилган. Aммо мазкур мурожаат имтиҳонни кутаётган юз минглаб аҳоли орасида кучли мунозараларга сабаб бўлган. Шунингдек, бир нечта Ҳиндистон расмий нашрларида мазкур ҳолат ҳақида мақолалар чоп этилган. Натижада Ҳиндистон тиббиёт кенгаши абитуриентларга NEET имтиҳонларини 2020 ёки 2021 йилда топшириш имконини берган.

Аввалроқ хориждан Ўзбекистонга ўқишини кўчираётган талабалар учун имтиҳон санаси маълум қилингани, карантин чекловлари сабаб имтиҳонни ўтказиб юборса, улар учун қайта имтиҳон ташкил этилиши хабар қилинган эди. Сўнг хориждан Ўзбекистон ОТМларига ўқишини кўчираётган талабалар учун имтиҳон тартиби маълум қилинган.

Бундан ташқари, қандай ҳолатда хорижда ўқиётган талаба Ўзбекистон ОТМсига ўқишни кўчиролмаслиги маълум бўлган эди.

Янгиликлар