Ҳиндистонда Бухоро давлат тиббиёт институтининг филиали очилди

Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институти Ҳиндистонда ўз филиалини очди. Бу ҳақда «Халқ сўзи Online» хабар берди.

Фото: «Халқ сўзи Online»

Хабарга кўра, институт Ҳиндистоннинг Нью-Дели шаҳридан 20 километр узоқликда жойлашган Ноида халқаро университети базасида ўз филиалини ташкил этиш бўйича меморандум имзолаган. Бу билан Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институти Ўзбекистондаги хорижий мамлакатларда ўз филиалини ташкил этган илк олий таълим муассасасига айланган.

Фото: «Халқ сўзи Online»

Меморандумга биноан 2020/2021 ўқув йилидан институт профессор-ўқитувчилари МББС (Тиббиёт ва жарроҳлик бакалаври) дастури асосида ўқишга қабул қилинган Ҳиндистон фуқароларига ўз мамлакатларида таҳсил беради. Келишувга биноан, Ноида халқаро университети таълим жараёни учун зарур инфратузилма, моддий-техник база, ўқув лабораториялари ҳамда клиник базалардан фойдаланиш бўйича ёрдам кўрсатади. Ўқишга қабул қилинган талабалар биринчи икки йилни Ҳиндистонда, қолган 3 йилни эса Бухорода ўтказади.

Бухоро давлат тиббиёт институти, Ноида халқаро университети ҳамда «PeopleHive» компанияси ўртасида имзоланган ушбу уч томонлама меморандум Ўзбекистон олий таълим муассасаларининг халқаро жозибадорлигини таъминлашда, таълим экспорти орқали институт моддий барқарорлигини оширишда ҳамда халқаро рейтингларда ўрин эгаллашига асосий восита бўлиб хизмат қилади.

Маълумот учун, Бухоро давлат тиббиёт институти 2019 йилда Ҳиндистон фуқароларига таълим бериш ҳуқуқини берувчи Тиббиёт кенгаши аккредитациясидан ўтган. Ўтган ўқув йилида 50 га яқин ҳинд фуқароси ўқишга қабул қилинган.

Аввалроқ Нью-Йорк шаҳрида ўзбек мактаби очилгани, Марғилонда Туркиянинг Бурса Улудаг филиали очилиши хабар қилинган эди.

Янгиликлар