Марғилонда Туркиянинг Бурса Улудаг университети филиали очилади
Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида Туркиянинг Бурса Улудаг университети филиали биноси таъмирланмоқда. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Хабарда айтилишича, Фарғона вилояти ва Туркиянинг Бурса вилояти раҳбарлари онлайн конференцияда Марғилон шаҳрида Бурса Улудаг университети филиалини очиш бўйича битим имзолаган эди. Ҳозирда муҳандислик, пиллачилик саноати, ипак қурти зоти дурагайларини яратиш, тўқимачилик маркетинги, дизайнерлик бўйича етук кадрларни тайёрлайдиган олий даргоҳ учун танлаб олинган бино янгитдан таъмирланмоқда.
«Ҳозирги кунда бизнинг 296-ҲИКМК ташкилотимиз ишчилари билан 2 сменада 120–140 ишчимиз билан ўзбек-турк тўқимачилик университетини 1 ой ичида топширишга ҳаракат қиламиз. Бу бинонинг орқасида 500 ўринли ётоқхона мавжуд. Ҳозирги кунда бу мажмуанинг ҳам таъмирлаш ишлари якунига етиб қолмоқда», — дейди Фарғона шаҳар 296-ҲИКМК ташкилоти раҳбари Иномжон Aбдуллаев.
Маълум бўлишича, минг нафар талабани қамраб олишга мўлжалланган мазкур ўқув масканида 200 ўринли мажлислар зали, лаборатория хоналари, спорт зали, ошхона, ўқув хоналари мавжуд бўлади.
Аввалроқ Қоракўлда қиймати 50 миллиард сўм бўлган халқаро математика мактаби фойдаланишга топширилиши, Тошкент давлат аграр университети ва Самарқанд ветеринария институти филиалларида қоракўлчилик бўйича махсус йўналишлар очилиши хабар қилинган эди.