Қоракўлда қиймати 50 млрд сўм бўлган халқаро математика мактаби фойдаланишга топширилади

Бухоро вилояти Қоракўл туманида қиймати 50 миллиард сўм бўлган халқаро математика мактаби фойдаланишга топширилади. Бу ҳақда вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Маълум қилинишича, Бухоро вилояти ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи Фарҳод Умаров ижтимоий-иқтисодий соҳада дуч келинаётган муаммоларни ўрганиш ва уларга ечим топиш мақсадида 1 сентябрь куни Қоракўл туманига борди.

Вилоят раҳбари «Обод марказ» лойиҳаси асосида амалга оширилаётган ишлар билан танишиб, янги ўқув йилида фойдаланишга топширилиши кутилаётган, қиймати 50 миллиард сўм бўлган халқаро математика мактабида ҳам бўлди.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг 2019 йил 10 августдаги «Бухоро вилояти Қоракўл туманида халқаро математика мактабини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинган.

Айтилишича, Улуғбек кўчасида жойлашган 1-сон ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби ўрнида қурилаётган таълим муассасасига аввалги Қоракўл саноат ва транспорт касб-ҳунар коллежининг бино-иншоотлари ҳам бириктирилган ва қайта таъмирдан чиқарилмоқда. Лойиҳага биноан янги ўқув йилидан бошлаб мазкур халқаро мактабнинг 7-синфига 90 нафар ўқувчи қабул қилинади. Мактаб моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида ётоқхона, ошхона, кутубхона, фаоллар зали, ўқув-лаборатория жиҳозлари ва компьютер техникаси билан жиҳозланади.

«Боғнинг янги кўринишида Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус ўз аксини топган. Лойиҳаларни амалга оширишда бунга алоҳида эътибор каратилмокда. Шунингдек, боғда ташкил этилаётган ватанпарварлик, спорт, кутубхона, интернет-кафелар, маънавий-маърифий масканлар ҳам баркамол авлод таълим-тарбияси учундир», — дейди туман ҳокими Шерали Саломов.

Ташриф давомида вилоят раҳбари пахта йиғим-теримига ҳудудда бораётган тайёргарлик ишлари, хусусан, мавсумга жалб қилинадиган техника ва механизмлар шайлигини кўриш мақсадида туман машина-трактор паркида ҳам бўлди.

Эслатиб ўтамиз, Самарқандда 2 та янги мактаб фойдаланишга топширилган.

Аввалроқ Нурободда 324 миллион сўмга қурилган 2 та мактаб филиали биноси фойдаланишга топширилгани, шу туманнинг ўзида 428 миллион сўмга қурилган яна 3 та мактабнинг филиал биноси янги ўқув йилига тайёр экани хабар қилинган эди.