Тошкент давлат аграр университети ва Самарқанд ветеринария медицинаси институти филиалларида қоракўлчилик бўйича махсус йўналишлар очилади

Ўзбекистон Президенти 2 сентябрь куни «Ўзбекистон Республикасида пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлатириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади.

Фармонга кўра, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир қатор вазифаларни амалга оширади.

Тошкент давлат аграр университети ва Самарқанд ветеринария медицинаси институти филиалларида 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб қоракўлчилик соҳасида кадрлар тайёрлаш бўйича махсус йўналишлар очилади.

Самарқанд ветеринария ва медицина техникумида майда шоҳли молларни кўпайтириш ҳамда ипак қурти етиштириш бўйича кадрлар тайёрланиши таъминланади.

Марғилон шаҳридаги 1-сонли касб-ҳунар мактабида ипак қурти етиштириш, хом ипакни қайта ишлаш ва ипакдан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича кадрлар тайёрланиши таъминланади.

Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти ҳамда Ипакчилик илмий-тадқиқот институти уларга майда шоҳли молларни ва ипак қуртини кўпайтириш бўйича юқори малакали мутахассислар тайёрлашни ташкил қилишда илмий-методик ёрдам кўрсатиш вазифасини юклаган ҳолда тегишлича Самарқанд ветеринария ва медицина техникумига ва Марғилон шаҳридаги 1-сонли касб-ҳунар мактабига бириктирилади.

Маълумот учун, Ўзбекистонда сув танқис ва тупроғи шўр бўлган ҳудудларида павлония дарахти плантациялари ташкил этилиши хабар қилинган эди.

Янгиликлар