Ўзбекистонда Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси ташкил этилди
Ўзбекистон Президенти 2 сентябрь куни «Ўзекистон Республикасида пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлатириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади.
Фармонда пиллачилик ва қоракўлчилик тармоқларидаги инфратузилма ресурсларидан самарали фойдаланилишини таъминлаш, насл кўрсаткичларини яхшилаш, озиқа базасини мустаҳкамлаш, шунингдек, ишлаб чиқарилаётган маҳсулот сифати ва рақобатбардошлигини оширишга қаратилган тизимли ишларни йўлга қўйиш бўйича фаолиятни кучайтириш талаб этилаётгани таъкидланган.
Шу муносабат билан, фармонга кўра Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси ташкил этилди.
Қуйидагилар қўмитанинг асосий вазифаси этиб белгиланди:
- пиллачилик ва қоракўлчилик соҳасида ягона давлат сиёсатини олиб бориш, шунингдек, ушбу тармоқларни ягона илмий-техникавий сиёсатни юритган ҳолда, мувофиқлаштирилган тарзда ривожлантиришни таъминлаш;
- тут плантациялари ва яйловларнинг қатъий ҳисобини юритиш ва фондини ўрганиш, шунингдек, пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш учун озиқа базасини яхшилаш;
- ипак қурти ва қоракўл зотли қўйларнинг юқори даражада маҳсулдор наслларини жорий қилиш;
- пилла ва қоракўл терисидан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш мақсадида хом ашё тайёрлаш ва уни қайта ишлаш учун қулай шароитлар яратиш;
- маркетинг тадқиқотларини ўтказиш ҳамда ипак ва қоракўлдан тайёрланган маҳсулотларни энг аввало ташқи бозорларда сотишга кўмаклашиш;
- пиллачилик ва қоракўлчилик билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига ўз фаолиятини кенгайтириш, кластерлар ташкил этиш ва маҳсулотни экспорт қилишда ҳар томонлама ёрдам бериш.
Шунингдек, қоракўл зотли қўйларни кўпайтиришга мўлжалланган барча яйловлар қўмитанинг доимий эгалигига ўтказилади. Яйловлар кластерларга қўмита томонидан мустақил равишда, шу жумладан, ноль ставкада ижарага берилади. Ўрмон фондининг ўрмон билан қопланмаган ерларидаги яйловлар кейинчалик қўмита томонидан кластерларга, шу жумладан, ноль ставкада иккиламчи ижарага бериш учун Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси томонидан қўмитага ноль ставкада ижарага берилади.
Аввалроқ Ўзбекистонда сув танқис ва тупроғи шўр бўлган ҳудудларида павлония дарахти плантациялари ташкил этилиши хабар қилинган эди.