Тошкентда халқаро гиёҳвандлик тармоғи фош этилди

Барча аниқланган ҳолатлар бўйича жиноят ишлари қўзғатилиб, гумонланувчилар қамоққа олинган

Тошкентнинг Чилонзор, Юнусобод, Янгиҳаёт, Бектемир ва бошқа туманларида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласига чек қўйилди, деб хабар бермоқда ИИВ матбуот хизмати.

Жумладан, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан интернетдаги гиёҳвандлик дўконида гиёҳвандлик воситаларини яшириб кетувчи бўлиб ишлаган нуфузли олийгоҳнинг 21 ёшли талабаси ушланди. Янгиҳаёт туманида тўхтатилган автомобилни текшириш давомида 500 грамм «Альфа-ПВП» моддаси аниқланди.

Опертив тадбир давомида ушланганларнинг ҳар бири ягона уюшган гиёҳвандлик тармоғи фаолиятига алоқадорлиги аниқланди, — дейилади хабарда.

Шунингдек, Бектемир туманида ҳам «закладчик» вазифани бажариб келган яна бир шахс ушланади.

Бундан ташқари, Мирзо Улуғбек тумани ҳудудида 19 ёшли талаба ушланади. Унинг ёнидан болалар кукуни қиёфасида ниқобланган 263 грамм «Альфа-ПВП» моддаси топилади. Ушланган шахс ҳам гиёҳвандлик воситаларини яшириб кетувчи бўлиб ишлаб келган.

Шундан сўнг манзиллар бўйича, яширин жойлардан «Альфа-ПВП» моддасини олаётган саккиз нафар гиёҳвандлик воситаларини яшириб кетувчилар ушланади.

Маълум бўлишича, трансмиллий жиноий ташкилот етакчиларидан бири хорижий давлат ҳудудида яшириниб юрган. Натижада у ушбу мамлакат ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қўлга олинади.

Умумий ҳисобда трансмиллий жиноий ташкилотнинг турли вазифа ва босқичларда фаолият юритган 14 нафар иштирокчиси ушланади. Улардан 2,5 кг «Альфа-ПВП» моддаси мусодара қилинди, бу эса 71 433 та бир марталик дозага тўғри келади.

Жиноят кодексининг 273-моддаси 6-қисми (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ноқонуний тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни ноқонуний ўтказиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, гумонланувчилар қамоққа олинган.

Ўзбекистон