Ўзбекистоннинг сув танқис ва тупроғи шўр бўлган ҳудудларида павловния дарахти плантациялари ташкил этилади

Вазирлар Маҳкамасининг 27 август куни «Республикада тез ўсувчи ва саноатбоп павловния дарахти плантацияларини барпо қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, сув танқис, ерости сувлари 30 метрдан пастда жойлашган фойдаланилмаётган захира майдонларда ҳамда ўрмон фондининг сув танқис ёки тупроғи шўр бўлган ерларида синов тариқасида 2020—2024 йилларда павловния плантациялари ташкил қилинади.

Қарорга кўра, белгиланган йилларда республика бўйича павловния плантацияларини ташкил этиш орқали 4000 гектар захира ерларда 2 миллион 990 минг дона ҳамда 1000 гектар ўрмон фонди ерларида 747 500 дона павловния дарахти кўчатларини етиштириш назарда тутилган.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари томонидан талабгорларга павловния етиштириш учун ер участкалари ижара ҳуқуқи асосида ажратилади. Павловния плантациялари барпо этиш учун ҳар бир лойиҳага 100 гектардан кам бўлмаган ер майдони ажратилади.

Шунингдек, 2021 йилдан бошлаб ҳар йили ўтказиладиган инновацион ғоялар ҳафталиги доирасида павловния дарахти ва ундан олинган маҳсулотлар намуналари билан ишлаб чиқарувчи тадбиркорлар ва фермерлар кенг миқёсда таништириб борилади.

Aввалроқ Наманганда кам ҳосил берадиган боғлар ўрнида экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилиши ҳақида хабар берилган эди. Маълум қилинишича, бир қатор агрофирмаларга қарашли 1080 гектарда 2021 йилда кластер, лизинг асосида 21 та лойиҳа бўйича интенсив боғлар ташкил этилади.

Янгиликлар