Наманганда кам ҳосил берадиган боғлар ўрнида экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилади (фото)

Наманган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Янгиқўрғон тумани ҳудудидаги самарасиз боғ ва токзорлар ўрнида интенсив боғлар, ҳосилдор плантациялар барпо этиш лойиҳаларини кўздан кечирди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Наманган вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Маълум қилинишича, бир қатор агрофирмаларига қарашли 1080 гектарда 2021 йилда кластер, лизинг асосида 21 та лойиҳа бўйича интенсив боғлар ташкил этилади. Айни пайтда иқтисодий жиҳатдан самарасиз, яроқсиз, камҳосилли боғ ва токзорларнинг манзилли рўйхати шакллантирилмоқда.

Фото: Наманган вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Ҳозиргача 1908 гектар майдондаги ҳолатлар ўрганилиб, аниқланган ноқонуний равишда бунёд этилган токзор ва боғлар, қонунга зид қурилишлар юзасидан судларга 202 та даъво аризаси киритилган.

Фото: Наманган вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

«Қишлоқ хўжалиги соҳасида жорий этилаётган инновация, хусусан, интенсив боғлардан кўзланган мақсад экспортбоп маҳсулотлар ҳажмини янада ошириш ва аҳолини йил давомида сархил мевалар билан таъминлашдан иборат. Бўш турган ер, самарасиз боғ ва токзорлар ўрнида бир-бирига яқин ва занжирдек боғланган ҳосилдор плантацияларни вужудга келтириш, мева-сабзавотларни жаҳон бозори талабига мувофиқ етиштириш ва экспортни кенгайтириш муҳим вазифалардан ҳисобланади», — деиди вилоят ҳокими.

Маълумот учун, Чуст ва Косонсойга 20 минг бош наслли эчки келтирилиши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, вилоятда 18 триллион сўмлик янги лойиҳалар амалиётга татбиқ этилади.