Чуст ва Косонсойга 20 минг бош наслли эчки келтирилади

Наманган вилояти Чуст ва Косонсой туманларига 20 минг бош наслли эчки келтирилиши маълум қилинди. Бу ҳақда Косонсой тумани ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Попдаги «Чоркесар эчкичилик» кластери Беларусь давлати билан 120 минг долларга тенг шартнома имзолаган. Ушбу кластер 20 гектар майдонда ангор эчкилари кўпайтиришга ихтисослашган ва 140 минг долларлик хорижий дастгоҳларда жундан турли маҳсулотлар ишлаб чиқарилаётгани маълум қилинган.

Ушбу лойиҳани бошқа туманларда ҳам ривожлантириш мақсадида яқин вақт ичида Чуст ва Косонсой туманларига 20 минг бош наслли эчки келтирилиши режалаштирилган. Шунингдек, кейинги икки-уч йил орасида эчкиларнинг сонини 80 минг бошга етказиш кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Aндижонда «темир дафтар»даги 9 та хонадонга 2 бошдан эчки тарқатилгани хабар берилган эди.

Кейинчалик Избосканда эҳтиёжманд оилаларга наслли эчкилар тарқатилгани маълум қилинди.