Нью-Йорк шаҳрида ўзбек мактаби очилди

AҚШнинг Нью-Йорк шаҳри Бруклин мавзесида 19 сентябрь, шанба куни «Ziyo Art» ўзбек мактабининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар берди Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати

Бош консулхона маълумотларига кўра, мактаб 16 Avenue О, Brooklyn NY 11204 манзилида жойлашган. Ушбу мактабда ўзбек тили ва адабиёти, одобнома, тасвирий санъат, шахмат ва математика фанлари бўйича машғулотлар олиб борилади.

Дарслар шанба ва якшанба кунлари ўзбек тилида Ўзбекистондан олинган махсус ўқув материалларидан фойдаланган ҳолда малакали ўқитувчилар томонидан олиб борилади. Таъкидланишича, ўқитувчилар танлов асосида саралаб олинган.

Бош консулхона Ўзбекистон Ҳукумати номидан ўзбек мактаби кутубхонаси фондига китоблар ва бадиий адабиётларни топширган. Тадбир Ўзбекистоннинг Нью-Йоркдаги Бош консулхонаси ва «Mahalla USA» диаспора ташкилоти билан биргаликда ташкил этилган.

Аввалроқ Марғилонда Туркиянинг Бурса Улудаг университети филиали очилиши ҳақида хабар берлганди.

Янгиликлар