Мурат Камалов Олий Мажлис Сенати раисининг ўринбосари этиб сайланди
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Мурат Камалов Олий Мажлис Сенати раиси ўринбосари этиб сайланди.
Таъкидланишича, Мурат Камаловга электрон тизим орқали яширин овоз бериш йўли билан мажлисда иштирок этаётган 78 нафар сенаторнинг 72 нафари ёқлаб овоз берган. 6 нафар сенатор техник хато туфайли овоз бера олмагани айтилди.
Маълумот ўрнида, Мурат Камалов 1955 йилда Нукус шаҳрида туғилган. Олий маълумотга эга ҳуқуқшунос сифатида кўп йиллар масъулиятли лавозимларда фаолият юритган. У 20 сентябрь куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари сайловлар вақтида Жўқорғи Кенгес депутати этиб сайланган. Сайловлар арафасида эълон қилинган номзодлар рўйхатидаги маълумотларга кўра, Экопартия аъзоси ҳисобланган Камалов сайловгача Президент ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази директори лавозимида ишлаб келган.
Аввалроқ Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесига янги раис сайлангани ҳақида хабар берилганди.