Ўзбекистон ШҲТга аъзо давлатлар бош прокурорларининг йиғилишига раислик қилди
Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ)га аъзо давлатлар бош прокурорларининг ўн саккизинчи мажлиси 20 октябрь, сешанба куни видеоконференцалоқа кўринишида бўлиб ўтди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, мажлис ишига Ўзбекистон бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев раислик қилган. Мажлисда ташкилотга аъзо давлатларнинг Бош прокуратура вакиллари, кузатувчилар ва ШҲТ мулоқоти доирасида шериклар, шунингдек, халқаро ташкилотлар масъуллари иштирок этган.
Тадбир давомида коррупцияга қарши кураш доимий равишда дунё ҳамжамияти, шу жумладан, ШҲТ давлатлари учун долзарб масала эканлиги инобатга олиниб, коррупцияга қарши курашнинг самарали механизмлари муҳокама қилинган ва ўзаро тажриба алмашилган. Шунингдек, ушбу соҳадаги мавжуд муаммолар конструктив равишда муҳокама қилиниб, уларнинг ечими бўйича ҳаракатларни бирлаштиришга қаратилган устувор чора-тадбирлар белгиланган.
Бундан ташқари, йиғилишда иноятчиликка қарши курашда ташкилот аъзолари ва кузатувчилар ҳамда мулоқот шериклари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш орқали саъй-ҳаракатларни бирлаштириш зарурлиги таъкидланган.
Йиғилиш якуни бўйича кун тартибидаги асосий масалалар юзасидан ҳамда ШҲТга аъзо давлатлар бош прокурорларининг ўн тўққизинчи мажлисини 2021 йилда Ҳиндистонда ўтказиш тўғрисида тегишли қарорлар қабул қилинган.
Бундан аввал Ўзбекистон МДҲ давлатлари Савдо-саноат палаталари раҳбарлари кенгашининг онлайн шаклидаги йиғилишига раҳбарлик қилгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, ШҲТнинг Самарқанд саммитига ажратилган пуллардан 7,4 миллиард сўмдан ортиғи талон-торож қилингани фош бўлгани маълум қилинганди.