Ўзбекистонда 1 миллиондан ортиқ уй-жойнинг кадастр ҳужжати йўқлиги маълум бўлди

Шавкат Мирзиёев раислигида 15 октябрь куни давлат кадастрларини юритишнинг янги тизимини самарали ташкил этиш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақида Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, Ўзбекистонда 340 мингта объектнинг кадастр қиймати белгиланмаган. Шундан 200 мингдан зиёд объект бўйича солиқ ҳисобланмаяпти. Бундан ташқари, 1 миллиондан ортиқ уй-жойнинг кадастр ҳужжати йўқлиги маълум бўлди.

Йиғилишда янги тизим асосида ишни ташкил этиш учун биринчи галда ер ҳисобини жойига қўйиб, тўлиқ шакллантириб олиш зарурлиги таъкидланган.

«Кадастр ва ер ҳисобини юритиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари эскирган. Улар мураккаб, тушунарсиз ёзилган. Бу эса коррупцияга йўл очиб берган. Бугун тизим тамомила ўзгариши керак. Асосий мақсад ер ҳисобини аниқ юритиш, бу борада адолатни таъминлашдир», — дейди Президент.

Қорақалпоғистон ва вилоятлар раҳбарларига барча қишлоқ хўжалиги туманлари бўйича ер кадастр ҳужжатларини тайёрлаб, Миллий геоахборот тизимига киритиш юзасидан кўрсатма берилган. Ҳокимларнинг ер ажратиш тўғрисидаги қарорлари мазкур геоахборот тизимига киритилмагунича ҳақиқий ҳисобланмаслиги қайд этилган.

Шунингдек, Кадастр агентлиги билан солиқ идораларининг маълумотлар базасини бирлаштириб, фойдаланишдаги ер ва объектларни ҳисобга олиш ҳамда солиқ шакллантириб бориш вазифаси қўйилган.

Аввалроқ Ўзбекистоннинг Хитой ва Жанубий Корея билан савдо айланмаси сўнгги 8 ойда салкам 6,5 миллиард долларга етгани маълум қилинган эди. Шунингдек, Ўзбекистон сўнгги уч йилда Хитой ва Жанубий Кореядан 5 миллиард долларга яқин сармоя ўзлаштиргани хабар қилинди.

Янгиликлар