Ўзбекистонда дам олиш кунлари қандай об ҳаво кузатилиши маълум қилинди

«Ўзгидромет» Ўзбекистонда ҳафта давомида қандай об-ҳаво кутилаётгани ҳақида маълум қилди.

Фото: «Tez News»

Хабарга кўра, 9 октябрдан республика ҳудудига яна совуқ ҳаво кириб кела бошлади, куннинг биринчи ярмида ҳудуднинг айрим қисмларида ҳаво ҳарорати 8 oктябрдан 4—6 даражага паст бўлди.

Маълум қилинишича, худди шундай совуқ ҳаво 10 октябрда ҳам давом этади. Кечаси ҳарорат 3—6 даража, шимолда 0—3 даража совуққача пасаяди ва кундузи 13—17 даражадан юқори бўлмайди, бу 5—7 даражага меъёрдан паст.

Қайд этилишича, республиканинг катта қисмида дам олиш кунлари қуруқ ҳаво сақланиб қолади. Фақат мамлакатнинг жануби-шарқий ҳудудларига Туркманистон ҳудудларидан нам булут массалари кириб келади. Фарғона водийси вилоятлари ҳамда республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларининг айрим жойларида ёмғир ёғади, денгиз сатҳидан 2000 метр баланд тоғли ҳудудларда ёғаётган ёмғир қорга айланиши эҳтимоли бор.

Хабарда айтилишича, якшанба куни Ўзбекистон ҳудудининг кўп қисмида кам булутли ва қуруқ об-ҳаво кутилмоқда. Кечаси ҳаво ҳарорати 3—6 даража илиқ, шимолда 0—3 даража совуқ, кундузи эса ҳаво 18—20 даражагача исийди.

Янгиликлар