«Қўлимни қайириб, қорнимга уришди» — ўзбек журналисти ноқонуний ушлаб турилгани ва таҳдидга учрагани ҳақида гапирди

Таниқли ўзбек журналисти ва жамоат арбоби Абу-Али Ниёзматов дарахтлар ноқонуний кесилаётганини видеога олгани учун бир гуруҳ шахслар томонидан қўлга олингани ва таҳдид қилингани ҳақида гапириб берди.

«Tez News»га берган интервьюсида айтишича, Ниёзматов Чирчиқдан Тошкент шаҳрига кетаётганида, Қибрай туманида йўлда кафе ёнида улкан дарахтларни кесишаётганини кўрган. Сўнг тўхтаб, воқеани видеога ола бошлаган пайт унинг олдига бир неча киши келиб, қўпол оҳангда ундан нима қилаётганини сўраган. У видеога олишни тугатиб, ўзини таништирган ва Экология партияси аъзоси эканини, дарахтларни рухсатномасиз кесиш мумкин эмаслиги айтган. Суҳбат қўполлашиб, охири эркаклар журналистни ўраб олишган ва қўлини қайириб кафега олиб кириб кетишган.

«Ичкарида қўлимни қайириб ушлаб, қорнимга уришди, телефонимни олиб қўйишди», — дейди Ниёзматов.

Журналист уларнинг ҳаракатлари қонунга ҳилофлиги ва бунинг учун жазога тортилишларини айтган.

«Менинг огоҳлантиришларимга қарамай, эркаклар мушти билан қўрқитиб, токи машинада кутаётган дўстим кафега киргунича мени бир соатга яқин ушлаб турди. Мен дўстимга милиция чақиришини айтдим», — дейди журналист.

Журналистни ушлаб турган эркаклар милиция келишини эшитиб, ўзларига таниш бўлган Амиров фамилияли участка нозирини чақирган. Шундан сўнг Амиров биргина Ниёзматовни ИИБ таянч пунктига олиб бориб, тушунтириш хати ёздирган. Журналист уни калтаклаб, ушлаб турган шахсларни ҳам участкага чақириб, сўроқ қилишларини сўраганда рад жавобини олган.

Ниёзматов уйига боргач, қўлида оғриқ ҳис қилган ва клиникага борган. У ерда юмшоқ тўқималари жароҳат олгани, билак қисмида эти узилгани маълум бўлган.

«Ноқонуний ушлаб туришган пайти мени қаттиқ қўрқитишди. Тепамда тўпланиб, мушт кўтариб турган бир гуруҳ эркаклар мени йўқ қилиб юборишларини айтиб, таҳдид қилди», — дейди Ниёзматов.

Аввалроқ Сўхда келиб чиққан низо юзасидан 6 киши қўлга олингани, улар орасида вилоят ҳокими истеъфосини  сўраган блогер Хайдаржон Бобохайдаров ҳам борлиги хабар қилинган эди. Сўнгра сўхлик блогернинг адвокати ва вилоят прокуратураси унинг ҳибсга олиниши бўйича изоҳ берган эди.

Янгиликлар