Сўхлик блогернинг адвокати ва вилоят прокуратураси унинг ҳибсга олиниши бўйича изоҳ берди

Фарғона вилояти прокуратураси бўлим бошлиғи ва блогер Дадахон Хайдаровнинг адвокати унинг ҳибсга олингани юзасидан изоҳ берди. Бу ҳақда «Kun.uz» хабар берди.

Кадр: Видеодан / «Dengiz TV»

Унга кўра, Фарғона вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи Алишер Бобохўжаев ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қилган:

«Шу йилнинг май ойида Сўх туманининг Чашма қишлоғида Қирғизистон ва Ўзбекистон фуқаролари ўртасида тўқнашув юз берган. Оммавий тартибсизликларнинг олдини олиш ва аҳолини тинчлантириш мақсадида ҳодиса жойига етиб борган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ва ҳокимлик вакилларига Ўзбекистон фуқаролари томонидан фаол қаршилик кўрсатиш ҳолатлари содир этилган. Мазкур ҳолат юзасидан Фарғона вилоят прокуратураси томонидан 2020 йил 1 июнь куни Жиноят кодексининг 219-моддаси ва 244-моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Тергов ҳаракатлари давомида ‘Дадахон’ тахаллуси билан танилган Ҳайдаржон Бобоҳайдаров оммавий тартибсизликлар вақтида фаоллик кўрсатиб, ҳокимият вакилларига қаршилик кўрсатишда иштирок этганлик ҳолатлари бўлгани сабабли ушбу фуқаро жиноят ишида гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинган ва Жиноят-процессуал кодекснинг 221-моддаси тартибида ушланган.

Ушлаб туриш муддати жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг ажрими билан Жиноят-процессуал кодекснинг 226-моддаси тартибида 10 суткага узайтирилган. Ҳозирда Ҳайдаржон Бобоҳайдаровга айб эълон қилиш билан боғлиқ ҳолатлар текширилмоқда. Ушбу масала тергов ҳаракатлари давомида ҳал қилинади», — дейди Алишер Бобохўжаев.

Хабарда айтилишича, у гумонланувчининг ИИБ ходимлари томонидан бошига қоп кийдириб олиб келинганини рад этган. Шунингдек, унинг саломатлигидан шикоят келиб тушмаганини билдирган.

«Бобоҳайдаров Ҳайдаржон Фарғона вилояти ички ишлар бошқармасининг вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасида сақланмоқда. Ҳибсхонада кузатув камералари ўрнатилган», — деди прокуратура расмийси.

Ҳайдаржон Бобоҳайдаровнинг адвокати Ҳамида Абдуназарова ҳимояси остидаги шахсга нисбатан тўпланган далиллар етарли эмаслиги ва ҳозирча унга тақдим этилмаганини маълум қилган.

Адвокат блогернинг яқинлари билан ҳимояга оид шартнома имзолагач, 29 август куни вилоят ИИБ ҳузуридаги вақтинча сақлаш ҳибсхонасида бўлиб, у билан суҳбатлашган. Абдуназарова шу суҳбатда олган маълумотлари асосида жиноят ишида гумон қилинувчи тариқасида жалб этиш тўғрисидаги қарорда кўрсатилган ҳолатлар ўз тасдиғини топмаслиги, Бобоҳайдаров ҳозирча ишда фақат гумон қилинувчи тариқасида иштирок этаётгани, унинг ҳибсга олиниши билан боғлиқ процессуал тартибда расмийлаштирилган ҳужжатларда унга нисбатан бирор-бир қонун бузилиши ҳолати юз берганини аниқламаганини айтган.

Шунингдек, адвокат блогернинг ҳибсга олинишига унинг Сўх воқеалари вақтида бош вазирга вилоят ҳокимини лавозимидан олиш ҳақида таклиф киритганининг алоқаси йўқлигини, ҳимояси остидаги шахс бошига қоп кийдириб олиб кетилгани ҳақида ҳеч нарса демаганини билдирди.

Ҳамида Абдуназарованинг қўшимча қилишича, ҳимояси остидаги шахс бирор тазйиқ ёки тан жароҳати етказишга оид ҳолатлардан шикоят қилмаган бўлса-да, ҳибсхонадаги ётоқ шароитидан нолиган: унга ётиши учун матрас берилмаган. Ҳибсхона маъмурияти эса буни ички тартибга мувофиқ икки қаватли ётоқнинг иккинчи қаватида ётадиганларга матрас берилмаслиги, уларнинг соғлиғини сақлаш учун шундай йўл тутилиши билан изоҳлаган.

Эслатиб ўтамиз, блогернинг тўсатдан ғойиб бўлиб, бунинг ортидан отаси «Gazeta.uz» сайтига ўғли 22 август куни вертолётда, бошига қоп кийдирилган ҳолда олиб кетилганини айтгач, жамоатчиликда кўплаб саволлар пайдо бўлган эди.

Бош прокуратура Ҳайдаржон Бобоҳайдаровнинг ҳибсга олинганидан 8 кун ўтиб бу ҳақида ахборот берди. Унда Бобоҳайдаров жиноят иши бўйича гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиниб, ЖПКнинг 226-моддаси тартибида ушлангани айтилади.

Аввалроқ Сўхдаги тартибсизликлар ортидан 6 киши қўлга олингани, улар орасида Фарғона ҳокимининг истеъфосини сўраган блогер ҳам борлиги хабар қилинган эди. 

Янгиликлар