Самарқанд вилояти судида сўнгги 9 ойда 13 киши оқланди
Самарқанд вилояти судида сўнгги 9 ойда 13 киши оқланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, 2020 йилнинг сўнгги тўққиз ойида Самарқанддаги жиноят ишлари бўйича судларда 13 нафар шахс оқланган. Бу вақт оралиғида жиноят ишлари бўйича вилоят, туман (шаҳар) судлари томонидан 2675 (2019 йилнинг шу даврида 2664) нафар шахсга нисбатан 2146 та жиноят иши кўриб тамомланган. Шундан 606 нафар шахсга нисбатан юритилган 553 та иш тугатилган.
Судлар томонидан кўрилган жиноят ишлари бўйича 239 нафар шахс қамоқдан озод қилинган. Шунингдек, 531 та жиноят иши тарафларнинг ярашганликлари муносабати билан Жиноят кодексининг 66-моддасига (Айбдор ўз қилмишига амалда пушаймон бўлганлиги муносабати билан жавобгарликдан озод қилиш) асосан тугатилиб, 574 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод қилинган.
Кўриб тамомланган 4284 та материал бўйича ички ишлар органлари пробация хизмати тақдимномалари асосида 1971 нафар шахс муддатидан илгари шартли озод қилиниб, 316 нафар шахснинг жазоси енгилроғи билан алмаштирилган.
Жазони ижро этиш манзил колонияларидан 339 нафар шахс муддатидан илгари шартли ва жазо енгилроғига алмаштирилиб, қамоқдан озод қилинди. Маълумот учун, 507 нафар шахсга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақида илтимосномаларнинг 505 таси қаноатлантирилган ва 2 таси рад қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғонада жиноятга алоқадор бўлмаган тадбиркор оқланганди. Шунингдек, Оқдарёда 7 нафар маҳбус муддатидан аввал озод қилингани маълум қилинган.