Самарқандда ўтган 9 ойда саноат корхоналари томонидан 12,2 трлн сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди
Самарқанд вилоятида 2020 йилнинг январь—cентябрь ойларида саноат корхоналар томонидан 12 триллион 231 миллиард 8 миллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилган. Бу ҳақда вилоят Статистика бошқармаси ахборот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, дастлабки маълумотлар бўйича 2020 йилнинг январь—сентябрь ойларида вилоятнинг саноат корхоналари томонидан 12231,8 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилган бўлиб, 2019 йилнинг шу ойларига нисбатан саноат ишлаб чиқаришнинг физик ҳажм индекси 94,7 фоизни ташкил этган.
Қайд этилишича, саноат ишлаб чиқариш таркибида энг катта улуш ишлаб чиқарадиган саноат ҳиссасига тўғри келиб, унинг жами саноат ишлаб чиқаришдаги улуши 95 фоизни ташкил этган. Жами саноат ишлаб чиқаришда электр, газ, буғ билан таъминлаш ва ҳавони кондициялашнинг физик ҳажми индекси 30,9 фоизга ошиши кузатилган.
Маълум қилинишича, сув билан таъминлаш, канализация тизими, чиқиндиларни утилизация қилишда 2,9 фоизга, ишлаб чиқарадиган (қайта ишлаш) саноатнинг 3,9 фоизга, тоғ-кон саноати ва очиқ конларни ишлаш саноатида 9,8 фоизга пасайиш кузатилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Каттақўғонда қиймати 871 миллиард сўмдан ортиқ бўлган 132 та инвестиция лойиҳаси доирасидаги ишлар кўриб чиқилгани ва Самарқандда 2020 йил якунигача 5 триллион 340 миллион сўмлик лойиҳалар ишга туширилиши хабар қилинганди.