Каттақўғонда қиймати 871 млрд сўмдан ортиқ бўлган 132 та инвестиция лойиҳаси доирасидаги ишлар кўриб чиқилди
Самарқанд вилояти Каттақўғон шаҳрида қиймати 871,5 миллиард сўм бўлган 132 та инвестиция лойиҳаси таклифлари киритилди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича мазкур ҳудудда мавжуд 217 та саноат корхонасида иқтисодий соҳа вакилларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан 10—13 сентябрь кунлари ўрганиш ишлари ўтказилган.
Оқибатда ўрганилган 80 та саноат корхонасида 83 та муаммо мавжудлиги аниқланган. Жумладан, 13 та корхонага тижорат банкларидан айланма маблағ ҳамда асбоб-ускуналар олиш учун кредит ажратиш, 1 та корхонада кредит тўловлари муддатини узайтириб бериш, 4 та корхонада 7 та йўналишда тегишли инфраструктура билан таъминлаш, 6 та корхонада хом ашё билан таъминлашга эҳтиёж мавжудлиги қайд этилган.
Бундан ташқари, 5 та корхонада малакали мутахассислар ҳамда қўшимча асбоб-ускуналарга талаб, 3 та корхонада транспорт логистикаси, 7 та корхонада ер ва мулкий, 2 та корхонада рухсатномалар олиш масалалари бўйича ва яна 28 та корхонада бошқа муаммолар борлиги аниқланган.
Шаҳар ҳокимлиги мажлислар залида бўлиб ўтган йиғилишда ишчи гуруҳи томонидан юқоридаги ўрганишлар яна бир бор таҳлил қилинган.
Йиғилишда иштирок этган вилоят ҳокимининг ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш масалалари бўйича ёрдамчиси Нозир Ибрагимов шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича белгиланган лойиҳаларга тўхталар экан уларни келгусида ижросини таъминлаш бўйича қилинадиган ишлар хусусида сўз юритган.
Сўнгра шаҳар ҳокими Гавҳар Олимова саноат корхоналари фаолиятига тўсқинлик қиладиган мавжуд муаммоларни бартараф этиш, уларнинг самарали фаолият юритишлари учун зарур чора-тадбирларни кўриш юзасидан ишчи гуруҳига тегишли кўрсатмалар берган.
Бу борада ишчи гуруҳининг ўрганишлари давом этиши режалаштирилган.
Мавзуга доир: Самарқандда 2020 йилда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 16,6 триллион сўмга етади
Аввалроқ Ўзбекистонда экин майдонларини лазер ёрдамида текислаш ишларига 250 миллиард сўм кредит ажратилиши ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Бухорода қурилаётган «Bukhara City»га 600 миллион доллар инвестиция жалб қилиниши маълум қилинди.