Самарқандда 2020 йилда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 16,6 трлн сўмга етади
Самарқанд вилоятида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2020 йил якунига кўра 16,6 триллион сўмга етади. Бу ҳақда «Zarnews» хабар берди.
Қайд этилишича, вилоятда маҳаллийлаштириш дастури доирасида 93,4 миллиард сўмлик 34 турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилган.
Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2020 йил якуни билан 16,6 триллион сўм ёки ўтган йилга нисбатан 102,1 фоиз ўсиши кутилмоқда. Шундан ишга тушган 53 та янги лойиҳа ҳисобига ишлаб чиқариш ҳажми 285,1 миллиард сўмга ошади, қувватлардан тўлиқ фойдаланилмаётган 170 та корхона ҳисобидан 612 миллиард сўм қўшилади. Кичик саноат зоналарида ишга тушган 60 та янги лойиҳа ҳисобига 245,7 миллиард сўмга кўпаяди.
Шунингдек, 73 гектар майдонда янги ташкил этилган 6 та кичик саноат зонасида 241 та лотга саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳа таклифлари жойлаштирилиши бошланган. «Ургут» эркин иқтисодий зонасида 49 та янги ишга тушган лойиҳа ҳисобидан 646,2 миллиард сўмлик қўшимча маҳсулот ишлаб чиқариш кутилмоқда.
Саноати орқада қолаётган Каттақўрғон шаҳри, Қўшработ, Нуробод, Пайариқ ва Пахтачи туманларида умумий қиймати 1,9 триллион сўмлик 137 та, шундан 2020 йилда умумий қиймати 415,3 миллиард сўмлик 65 та лойиҳа ишга туширилади. Ушбу лойиҳалар ҳисобига йил якунигача ишлаб чиқариш ҳажми 105,1 миллиард сўмга ошади.
Инвестиция дастурига асосан йил якунига қадар қиймати 148 миллион доллар бўлган 13 та йирик инвестиция лойиҳасини ишга тушириш чоралари кўрилади: «Мароқанд цемент инвест» цемент ишлаб чиқаришни ташкил этиш, «Самарқанд Металл Комбинат» металл рулонларни қайта ишлаш.
Маълумот учун, ҳозиргача вилоятдаги 163 та бўш турган давлат мулки объектининг 154 тасининг фаолияти тикланган. Қолган 9 таси бўйича ишлар олиб борилмоқда, дейилади хабарда.
Аввалроқ Япония Ўзбекистондаги АТК лойиҳаларига қарийб 163 миллион доллар кредит ажратиши ҳақида хабар берилган. Бундан ташқари, Сўхда қиймати 639 миллиард сўм бўлган лойиҳа амалга оширилиши, Россиянинг технологик компанияларидан бири Наманганда туризм соҳаси учун сунъий интеллект жорий қилиши хабар қилинган эди.