Япония Ўзбекистондаги АТК лойиҳаларига қарийб 163 млн доллар кредит ажратади

Вазирлар Маҳкамаси 2020 йил 9 сентябрда «Япония халқаро ҳамкорлик банки ва Япония тижорат банки иштирокида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни қабул қилди. Бу ҳақда «Norma.uz» хабар берди.

Хабарга кўра, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Япония халқаро ҳамкорлик банки (JBIC) ўртасида 2019 йил 16 декабрда имзоланган меморандумга мувофиқ қуйидаги учта лойиҳани амалга ошириш назарда тутилмоқда:

  • 2020—2021 йилларда маълумотларни сақлаш ва қайта ишлаш марказини ташкил этиш (Дата-марказ);
  • «Ўзбектелеком» АКнинг халқаро пакетли коммутация марказларини кенгайтириш;
  • «Ўзбектелеком» АК телекоммуникация транспорт тармоғи ва маълумотларни узатиш тармоғини кенгайтириш.

Шунингдек, ушбу лойиҳаларни молиялаштириш учун JBIC ва Япониянинг «Sumitomo Mitsui Banking Corporation» (SMBC) банки томонидан жами 162,95 миллион доллар эквивалентида япон иенасидаги кредитлар ажратилиши айтилмоқда.

Маълум бўлишича, ҳужжат билан умумий қиймати 193,73 миллион долларга тенг учта лойиҳани молиялаштириш манбалари тасдиқланди:

  • JBICнинг 10 йил муддатга, JPY CIRR плюс 1,48 фоиз, шу жумладан, Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банкининг 0,5 фоиз миқдоридаги банк маржасига тенг йиллик фоиз ставкада 138,51 миллион доллар эквивалентида япон иенасидаги кредити;
  • SMBC’нинг 6 йил муддатга, 6 ойлик LIBOR плюс 4 фоиз, шу жумладан, ТИФ Миллий банкининг 0,5 фоиз миқдоридаги банк маржасига тенг бўлган йиллик фоиз ставкада 24,4 миллион эквивалентида япон иенасидаги кредити;
  • «Ўзбектелеком» АКнинг 6,42 миллион доллар миқдоридаги ўз маблағлари;
  • Ўзбекистоннинг 24,36 миллион доллар миқдорида солиқ ва божхона имтиёзларини тақдим этиш кўринишидаги улуши.

Ҳужжатда «Ўзбектелеком» АК JBIC ва SMBC кредитларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун масъул бўлган ижро органи экани маълум қилинган. Шунингдек, кредитларни қайтариш, шу жумладан, мажбурият комиссияси, фоизлар ва бошқа харажатлар билан боғлиқ тўловлар компаниянинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Аввалроқ Сўхда қиймати 639 миллиард сўм бўлган лойиҳа амалга оширилиши, Россиянинг технологик компанияларидан бири Наманганда туризм соҳаси учун сунъий интеллект жорий қилиши хабар қилинган эди.

Янгиликлар