Сўхда қиймати 639 млрд сўм бўлган 146 та лойиҳа амалга оширилади

Фарғона вилояти ҳокимлигида 7 сентябрь куни Сўх тумани фаоллари иштирокида 8 августда қабул қилинган «2020—2021 йилларда Фарғона вилоятининг Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълум қилинишича, йиғилишда вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев Сўх туманини ҳар томонлама ривожлантириш ҳамда аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш борасидаги ишларга тўхталиб ўтган.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Видеомулоқотда Сўх тумани ҳокими Сайидбаҳром Сайидмусаев амалга оширилаётган ишлар ҳақида ахборот берган.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Қайд этилишича, қарор билан тасдиқланган 2020—2021 йилларда Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирларининг манзилли дастурига 146 та лойиҳа киритилган ва ушбу лойиҳаларга 639 миллиард сўм маблағ сарф этилиши режалаштирилган. Маблағларнинг 123,5 миллиард сўмини тижорат банклари кредитлари ҳамда 5,2 миллион долларини хорижий инвестициялар ташкил қилиши қайд этилган.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Шунингдек, Сўх тумани Қайроқ массивидаги 1448 гектар яйлов майдонларини ўзлаштириш учун уч кўтармали «Қайроқ» насос станциясини қуриш ишлари давом этмоқда. Ушбу 50 гектар ўзлаштирилаётган майдонда эса бодомзор, пистазор ва ёнғоқзор ташкил этиш ишлари бошланган. Майдонда тадбиркорларнинг 140 та лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида имтиёзли кредитлар ажратилган.

Туманда 7 сентябрга қадар 14 мингдан ортиқ мол-мулк ва ер солиғи тўловчилар борлиги қайд этилган. Солиқ имтиёзининг тадбиқ қилиниши натижасида 2 миллиард 300 миллион сўмлик маблағлар туман аҳолиси ихтиёрига қолдирилган. Ҳамда 400 дан ортиқ кичик бизнес субъектлари ҳам ана шундай имкониятдан фойдаланиши белгиланган.

Бундан ташқари, туманда «Чашма» булоғи сувини қадоқлаб чиқарадиган тармоқ иш бошлаган ва форел балиғини етиштириш йўлга қўйилган. Тиббиёт муассасаларида ишлаётган шифокорларнинг маошларига шу 550 миллион сўм қўшимча устамалар тўлаб берилган.

«Сарибозорча» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 25-умумтаълим мактабига қўшимча 240 ўринли янги бино қуриш бошланган. Сўхда 1 та давлат, 2 та давлат-хусусий шерикчилик асосида, 10 та нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ишга туширилган. Туманда мактабгача таълим тизимига йил якунига кўра болаларни қамраб олиш кўрсаткичини 37,4 фоиздан 53 фоизга етказиш учун тадбирлар белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сўхликлар 2020 йилда ер ва мол-мулк солиғидан озод этилиши ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Сўхда Чашма булоғидаги низолар оқибатида талафот кўрган хонадонлар тиклаб берилгани маълум қилинди.

Шунингдек, Сўхда ишсиз ва эҳтиёжманд 71 нафар шахсга 20 сотихдан ер берилди.

Янгиликлар