АҚШ Украинага ҳарбий ёрдамни вақтинча тўхтатди
АҚШ президенти Дональд Трамп Украина раҳбарияти «тинчлик тарафдори» эканлигини намойиш қилмагунча, Украинага ҳарбий ёрдамни тўхтатиш ҳақида фармон чиқарди. Бу ҳақида Deutsche Welle ёзмоқда.
Оқ уй матбуот котиби маълумотига кўра, президент тинчликка интилишини очиқ билдирган ва ҳамкорларидан ҳам шу мақсадга содиқ бўлишларини кутаётганини таъкидлаган.
Оқ уй расмийси бу қарор доимий эмаслигини, балки вақтинчалик тўхтатиш эканлигини маълум қилди. Бу қарор қабул қилиниши олдидан Трамп давлат котиби Марко Рубио ва мудофаа вазири Пит Хегсет билан маслаҳатлашган. Блумберг агентлигига кўра, қарор Украинага ҳали етказиб берилмаган барча Америка ҳарбий техникасига, жумладан, Польша орқали транзитни кутаётган қуролларга ҳам таъсир қилади.
Кил жаҳон иқтисодиёти институти (IfW) ҳисоб-китобларига кўра, 2022 йилдан бери Американинг Украинага кўрсатган ёрдами ҳажми 114,2 миллиард долларни ташкил қилган. АҚШ Давлат департаменти маълумотларига кўра, уруш бошланган 2022 йил февраль ойидан Трамп лавозимига киришгунга қадар ҳарбий ёрдамнинг ўзи 65,9 миллиард долларни ташкил этган.