Трамп Сурияга қарши санкцияларни бекор қилди
АҚШ президенти Доналд Трамп Сурияга нисбатан 2004 йилдан бери амалда бўлган иқтисодий санкцияларни бекор қилиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Оқ уй бу қарорни «барқарорлик ва тинчлик сари қадам» деб баҳолаган. Фармонда Қўшма Штатлар Суриянинг қўшнилари билан барқарор, бирлашган ва тинч давлат сифатида ривожланишини қўллаб-қувватлаши, у ерда террорчилар учун бошпана йўқлиги ва диний-этник озчиликлар хавфсизлигининг таъминланиши минтақа хавфсизлиги ва фаровонлиги учун муҳим экани қайд этилган.
Санкциялар фақат собиқ президент Башар Асад, унинг оиласи ва аввалги режим тарафдорларига нисбатан сақланиб қолади.
Трамп Суриянинг янги раҳбари Аҳмад аш-Шараъа билан 14 май куни Ар-Риёдда учрашув ўтказган ва санкцияларни бекор қилиш режасини маълум қилган эди. Оқ уй Суриянинг янги ҳукумати ҳаракатлари, хусусан, Исроил билан муносабатларни нормаллаштириш бўйича қадамларини кузатиб боришини билдирди.
Сурия ташқи ишлар вазири Асад аш-Шибонийнинг сўзларига кўра, санкцияларнинг бекор қилиниши мамлакат иқтисодий тикланишига тўсқинлик қилаётган омилларни бартараф этади ва Сурияни халқаро ҳамжамият учун очади. АҚШ молия вазири Скотт Бессент эса бу қарор Сурия халқига Асад режими ағдарилганидан кейин ҳаётни янгидан бошлаш имкониятини беришини таъкидлади.
Бессент, шунингдек, бу ҳаракатлар Сурияни жаҳон савдосига интеграция қилиш ва инфратузилмасини тиклашга хизмат қилишини қўшимча қилган.