Трамп ҲАМАСга шарт қўйди

АҚШ президенти Дональд Трамп Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракатидан барча гаровдаги исроилликларни 15 февраль куни соат 12:00 гача озод қилишни талаб қилмоқда.

Шанба соат 12:00. Агар асирлар бу ерда бўлмаса, жаҳаннам бошланади, деди Трамп.

Унинг сўзларига кўра, гаровга олинганларнинг барчаси босқичма-босқич эмас, балки бир вақтнинг ўзида озод қилиниши керак:

Битталаб, иккиталаб, учталаб, тўртталаб эмас. Ҳаммаси бирдан. Биз ҳаммасини қайтармоқчимиз. Мен фақат ўз номимдан гапиряпман. Исроил ўз билганича иш тутиши мумкин, дея таъкидлади у.

Агар ҲАМАС шартларни бажармаса, Трамп Исроилга ташкилот билан тузилган сулҳни бекор қилишни тавсия қилмоқда.

Трамп АҚШнинг аниқ қадамлари ҳақидаги саволларга ноаниқ жавоб бериб, ҲАМАС тез орада у нимани назарда тутаётганини билиб олишини айтди. У Қўшма Штатларнинг мазкур можарога ҳарбий аралашуви ҳақидаги саволга «нима бўлишини кўрамиз», дея жавоб берди.

Трамп озод қилинган асирларнинг ҳолатини ҳолокост қурбонлари билан таққослади:

Улар конслагер маҳбусларига ўхшарди. Улар жуда ёмон аҳволда, ҳолдан тойган эди. Буни қачонгача давом эттириш мумкинлигини билмайман.

Жаҳон