Қизил денгизда туристлар кемаси чўкиб кетди

Миср ҳукумати Қизил денгизда ичида 31 нафар турист бўлган кема чўкиб кетганини маълум қилди. Бу ҳақида BBC хабар бермоқда.

Маълумотларга кўра, 25 ноябрь куни соат 05:30 да Sea Story кемасидан офат сигнали келиб тушган. Ушбу кема 24 ноябрь куни Марса Алам шаҳри яқинидаги портдан беш кунлик дайвинг-тур учун чиқиб кетган — унинг бортида 31 нафар турист ва 14 нафар экипаж аъзоси бўлган.

Қизил денгиз провинцияси губернатори Амр Ҳанафийнинг таъкидлашича, омон қолганларга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Шунингдек, унинг қўшимча қилишича, Миср Ҳарбий-денгиз кучларига қарашли ҳарбий кема ва ҳарбий авиация бедарак йўқолганларни қидиришга жалб этилган.

Марса Алам маҳаллий кенгашига кўра, Sea Story экипажининг барча аъзолари — мирсликлардир, туристлар орасида Буюк Британия, Испания, Германия, АҚШ, Словакия, Швейтсария, Бельгия, Полша, Норвегия, Ирландия, Финландия ва Хитой фуқаролари бўлган.

Жаҳон