Туркияда қаровсиз қолган вояга етмаган қиз Ўзбекистонга қайтарилди
Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган вояга етмаган қиз Туркиядан Ўзбекистонга қайтарилди. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонасига келиб тушган маълумотлар асосида хорижда ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган вояга етмаган қизни ватанга қайтариш чора-тадбирлари бошланган.
Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ва Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонасининг саъй-ҳаракатлари натижасида вояга етмаган қиз 15 апрель куни Тошкент халқаро аэропортида Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг масъул ходимлари томонидан кутиб олинди.
Ҳозирда у Тошкент шаҳар вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига вақтинча жойлаштирилди. Жойлаштиришнинг муқобил шакли белгилангунга қадар қизга ушбу марказда зарур ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш режалаштирилган.