Туркманистон Россияга газ етказиб беришни тўхтатди

Туркманистон Россиянинг «Газпром» компаниясига табиий газ етказиб беришни тўхтатди, томонлар ёнилғининг янги нархи бўйича келиша олмади. Бу ҳақида «Туркменгаз» давлат концерни раҳбари Бабаев Мақсад маълум қилди, дейди ТАСС.

Шартномага кўра давлатлар 30 июньга қадар нархларни қайта кўриб чиқишлари керак эди. Агар томонлар нарх бўйича келишувга эришса, шартномани узайтириш режа қилинганди.

Шунга қарамасдан, музокаралардан сўнг тижорат масаласида давлатлар келишувга эришолмаган. Натижада шартнома бекор қилинган.

Бабаев «Туркменгаз» учун газ етказиб беришни бошлаш, қайта тиклаш ёки тўхтатишнинг асосий шарти тижорат қисми эканини таъкидлади.

Олди-соди шартномалари айнан манфаатдорлик, ўзаро манфаатли ҳамкорлик нуқтайи назаридан кўриб чиқилади. Бугунги кунда бизда турли томондан – шимолий, ғарбий, шарқий томондан талаб ортиб бормоқда. Шунинг учун, айтиш мумкинки, биз ҳар куни турли харидорлар ва мамлакатлар билан музокаралар олиб борамиз, шу туфайли ҳамма нарса бўлиши мумкин, дея у Россияга етказиб беришни қайта тиклаш имконияти ҳақидаги саволга жавоб берди, деди Бабаев Мақсад.

Шунингдек, Бабаев ҳозирда Туркманистон – Ўзбекистон – Қозоғистон – Хитой трансмиллий газ қувурининг тўртинчи тармоғини қуриш бўйича музокаралар кетаётганини маълум қилди.

Бугунги кунда биз доимий музокаралар жараёнидамиз. Ҳозирча нарх масаласида келишувга эришилмаган бўлсада, бу музокаралар давом этмоқда. Яқин вақт ичида келишувга эришишимизга умид қиламан, дея таъкидлади у.

Жаҳон