Ўмонда тутқунликда сақланган аёл икки фарзанди билан Ўзбекистонга қайтарилди

18 июнь куни Ўмон Султонлигида оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган ўзбекистонлик аёл ва унинг икки нафар вояга етмаган фарзанди Ўзбекистонга қайтарилди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.

Маълумотларга кўра, аёл 2019 йилдан буён Ўмоннинг Ал Бурейми шаҳрида, келиб чиқиши эронлик, бироқ ҳеч бир давлат фуқаролигига эга бўлмаган шахс билан шаръий никоҳ асосида яшаб келган. У 2020 ва 2022 йилларда фарзандли бўлган, бироқ турмуш ўртоғининг ҳужжатлари бўлмагани ва қонуний никоҳ расмийлаштирилмагани боис болаларга туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалар берилмаган.

Аёл Ўзбекистон элчихонасига мурожаат қилиб, эрининг болаларга нисбатан мунтазам зўравонлиги ва уларни хонадонда тутиб тураётганини маълум қилган. Элчихона мурожаатни ўрганиб чиққач, 2024 йил 19 май куни дипломатлар иштирокида аёл ва болалар хонадондан чиқарилиб, Маскат шаҳрига олиб келинган ҳамда вақтинчалик яшаш жойи билан таъминланган.

Кейинчалик, Ўзбекистон элчихонаси томонидан Ўмоннинг тегишли идораларига мурожаат этилиб, болаларга туғилганлик ҳақидаги ва ватанга қайтиш учун зарур бўлган ҳужжатлар расмийлаштирилди.

Мазкур оиланинг Ўзбекистонга қайтишига «Ватандошлар» жамоат фонди, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳамда Маскатдаги фаол ҳамюртларнинг кўмаги билан авиачипталар харид қилиниб, ташкилий ёрдам кўрсатилди.

Ўзбекистон