Ўзбекистонликлар товарларни божсиз олиб кириш учун хорижда 2–3 кун бўлиши шарт бўлади
20 июлдан бошлаб Ўзбекистонга шахсий эҳтиёж учун божсиз товар олиб кириш бўйича янги тартиб кучга киради. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси эслатма билан чиқди.
Эслатиб ўтилишича, жисмоний шахслар томонидан шахсий мақсадларда товарларни божсиз олиб кириш нормаси 2025 йил 1 майдан қуйидагича белгиланган:
• ҳаво транспортида — $1 минг миқдоригача,
• темирйўл ва дарё транспортида — $500 миқдоригача,
• aвтомобиль ва пиёда ўтказиш пунктларида — $300 гача божсиз олиб кириш мумкин.
Аммо 20 июлдан бошлаб бу имтиёздан фойдаланиш учун хорижда белгиланган минимал муддат бўлиши талаб этилади:
• темирйўл ёки автомобиль йўли орқали кираётганлар камида 2 кун чет элда бўлиши керак,
• ҳаво йўллари орқали кираётганлар эса камида 3 кун хорижда бўлиши лозим.
Агар фуқаро белгиланган муддатдан кам бўлса, божсиз олиб кириш имтиёзлари қўлланилмайди ва товарларнинг тўлиқ қийматидан ягона божхона тўлови ундирилади.
Товар қиймати эса чек, квитанция ёки бошқа тижорат ҳужжатлари асосида аниқланади. Агар ҳужжатлар тақдим этилмаса, илгари олиб кирилган шунга ўхшаш товарлар бўйича маълумотлар асосида баҳоланади.
Божхона қўмитаси вакиллари ноқонуний товар олиб киришни чеклаш мақсадида ушбу чора-тадбирлар жорий этилаётганини маълум қилди. АОКАда ўтказилган брифингда Қўмита матбуот хизмати раҳбари Ҳусан Тангриев айрим фуқаролар ҳар куни чет элга қатнаб, бож имтиёзларини суиистеъмол қилганини қайд этган эди. Унинг айтишича, Тошкент халқаро аэропортида биргина ойда 500 нафардан ортиқ фуқаро шундай ҳаракат қилган бўлса, бу кўрсаткич мамлакат бўйлаб 10 минг нафардан ошган.
Қайд қилинишича, божсиз олиб кирилаётган маҳсулотлар орасида асосан кийим-кечак, дори воситалари, парфюмерия, заргарлик буюмлари, маиший техника ва тамаки маҳсулотлари мавжуд.