Ортиқча ундирилган солиқларни келгуси тўловлар ҳисобига киритиш муддати қисқартирилди
Ўзбекистонда ортиқча ундирилган солиқларни келгуси тўловлар ҳисобига киритиш муддати қисқартирилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Бу Президент томонидан 26 июнда имзоланган қонун билан Солиқ кодексига киритилган қўшимча ва ўзгартиришлар асосида белгиланди.
Янги тартибга кўра, солиқ тўловчининг бошқа солиқлар бўйича келгуси тўловлари ҳисобига ортиқча тўланган солиқ суммасини ҳисобга олиш эндиликда унинг ёзма ёки электрон аризасига асосан 3 иш кунида амалга оширилади. Аввал бу муддат 15 кун эди.
Шунингдек, солиқ муносабатларида фойдаланиладиган электрон ҳужжатларни электрон тасдиқлаш усуллари орқали расмийлаштириш электрон рақамли имзога тенглаштирилди.
Бундан ташқари, қишлоқ ва балиқчилик хўжаликлари учун сув ресурсларидан фойдаланганлик солиғи ҳисоботлари «Сув ҳисоби» ахборот тизими ва тегишли идоралар маълумотлари асосида автоматик тарзда шакллантирилади.