Таиланд ва Камбоджа чегарасида тўқнашув оқибатида 9 киши ҳалок бўлди

24 июль куни Таиланд ва Камбоджа қўшинлари ўртасида баҳсли чегара ҳудудида қуролли тўқнашув юз берди. Бу ҳақда манбаларга таяниб BBC хабар берди.

Таиланд армияси хабарига кўра, ҳодиса натижасида камида 9 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган, 14 киши, жумладан 5 ёшли бола тан жароҳати олган. Қурбонлар Сисакет (6 киши), Сурин (2) ва Убон Ратчатхани (1) вилоятларида қайд этилган.

Таиланд мудофаа расмийларига кўра, ҳужумни Камбоджа қўшинлари оғир қуроллар билан бошлаган. Камбоджа Мудофаа вазирлиги эса ўз навбатида қўшинлари ўзини мудофаа қилишга мажбур бўлганини таъкидламоқда. Икки томон ҳам биринчи ўқни бошқа тараф узганини билдирган.

Таиланд ҳаво ҳужумлари билан жавоб берганини билдирган бўлса, Камбоджа томон Таиландни ракета билан қишлоқ ва шифохонага зарба берганликда айблаган. Можаро май ойида яна кучайган эди, ўшанда камбоджалик бир ҳарбий ҳалок бўлган.

Ҳозирда Таиланд Камбоджа билан чегарани ёпди ва фуқароларини эвакуация қилмоқда. Камбоджа эса барча Таиланд дипломатларини чиқариб юбориб, ўз элчиларини чақириб олди. Бош вазир Ҳун Манет БМТ Хавфсизлик Кенгашини зудлик билан йиғилиш ўтказишга чақирди.

Хитой расмийлари вазиятдан чуқур хавотир билдирган ва томонларни мулоқот орқали масалани ҳал қилишга чақирган. Буюк Британия ва Хитой эса ўз фуқароларига чегарага яқинлашмасликни тавсия қилмоқда.

Жаҳон