Президент Канн кинофестивали ғолибларини «Келажак бунёдкори» медали билан мукофотлади

Мамлакатда кино санъатини ривожлантириш ва жаҳон миқёсида тарғиб этишга қўшган ҳиссаси учун

Франциянинг Канн шаҳрида ўтказилган инклюзив фильмлар халқаро фестивалида «Қадам. Қуёш боласи Юсуф» қисқа метражли фильми билан иштирок этиб, бош соврин — Гран-прини қўлга киритган ўзбекистонлик кинорежиссёрлар давлат раҳбари томонидан мукофотландилар.

Ўзининг ёрқин истеъдоди, юксак профессионал маҳорати ва изланувчанлиги, самарали ижодий фаолияти билан мамлакатда кино санъатини ривожлантириш ва жаҳон миқёсида тарғиб этиш, халқнинг бадиий-эстетик ва маънавий салоҳиятини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётгани, миллий қадриятларни акс эттирадиган бадиий образларни яратиш, ёш авлод қалбида она Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини кучайтириш борасидаги хизматлари учун қуйидагилар «Келажак бунёдкори» медали билан мукофотлансин, — дейилади давлат раҳбари фармонида.

«Келажак бунёдкори» медали билан мукофотланганлар:

• Қодиров Суҳроб Толмасович – эркин ижодкор, ссенарист, кинорежиссёр;

• Усмонов Дилшодбек Холмурод ўғли С.А.Герасимов номидаги Бутунроссия давлат кинематография институтининг Тошкент шаҳридаги филиали талабаси, кинорежиссёр.

Ўзбекистон