Одам савдосида айбланаётган шахс Уммондан экстрадиция қилинди
Одам савдоси бўйича айбланаётган фуқаро Уммондан Ўзбекистонга экстрадиция қилинди. Бу ҳақда Интерполнинг Ўзбекистондаги Миллий марказий бюроси хабар берди.
Тақдим этилган ҳужжатлар асосида мазкур шахс халқаро қидирувга эълон қилинган ва Интерпол каналлари орқали унинг Уммон ҳудудида экани аниқланган. Шу йил апрель ойида у ушбу мамлакатда ҳибсга олинган.
Ўзбекистон Бош прокуратурасининг айбланувчини топшириш ҳақидаги сўрови доирасида Тошкент Интерпол Миллий марказий бюроси ходимларининг ҳамроҳлигида экстрадиция амалга оширилган.
Қайд қилинишича, бир ой олдин Уммон томонидан яна икки нафар жиноятчи аёл ҳам Ўзбекистонга келтирилган.
Қидирувдаги фуқаро Тошкентдаги Ислом Каримов номидаги халқаро аэропортда Интерполнинг Ўзбекистондаги Миллий марказий бюроси ва республика ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари вакилларига топширилди.