Уй-жой қурилишида «ягона ҳаётий цикл» тамойили жорий этилади
27 январь куни уй-жой қурилиши соҳасини ривожлантириш, турар ва нотурар жой объектларини улуш киритиш асосида қуриш жараёнини тартибга солиш бўйича президент фармони қабул қилинди. Бу ҳақа Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Унга кўра, қуйидагиларни назарда тутувчи «Уй-жойнинг ягона ҳаётий цикли» тамойилини қўллаш таклиф қилинди:
— турар ва нотурар жой объектларини улуш киритиш асосида қуриш жараёнида жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш;
— мавжуд ер ресурсларидан самарали (интенсив) фойдаланган ҳолда уй-жойлар қурилишини ташкил қилиш;
— уй-жой қурилиши соҳасида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш муддатларини қисқартириш;
— уй-жойларни улуш киритиш ва ипотека кредити асосида сотиб олишнинг ишончли ва самарали имкониятини яратиш;
— уй-жойлар қурилишида энергия самарадор қурилиш материалларидан фойдаланишни оммалаштириш.
Ушбу фармонни Стратегик ислоҳотлар агентлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Марказий банк ва Адлия вазирлиги маъқуллади.