Уй-жой қурилиши бўйича электрон платформа йўлга қўйилади
Ўзбекистонда уй-жойлар қурилиши бўйича электрон платформа ишга туширилиши режалаштирилмоқда. Бу президент фармонида назарда тутилган.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигига Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда «Шаффоф қурилиш» тизими доирасида платформа яратиш топширилди.
Ҳужжатда айтилишича, платформа 2025 йил 1 июлда тўлиқ ишга тушиши режалаштирилган.
Улушдорларнинг маблағларини жалб қиладиган қурувчилар қуйидагиларни платформага жойлаштириши керак:
— қурилаётган бинонинг аниқ манзили;
— қаватлар, кириш йўлаклари, хонадонлари ва нотурар жойлар сони;
— майдон ва унга туташ ҳудуд;
молиялаштирувчи тижорат банки тўғрисидаги маълумотлар;
— сотилган турар ва нотурар жойлар;
— лойиҳа-смета ҳужжатлари ва ижобий экспертиза хулосаси;
— қурилишни бошлаш санаси ва фойдаланишга топшириш муддати;
— қурилиш ҳолати ва бошқа маълумотлар.
Электрон платформага маълумотлари жойлаштирилмаган объектлар бўйича тузилган улушли шартномаларга нотариал ҳаракатлар амалга оширилмайди ҳамда бундай шартномалар давлат рўйхатидан ўтказилмайди.
Маълумотни платформага жойлаштирмаган қурувчилар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.