Расман: Қурбон ҳайити муносабати билан ўзбекистонликлар 5 кун дам олади

Президент қарори билан байрамнинг биринчи куни ва дам олиш кунлари графиги тасдиқланди.

Шавкат Мирзиёев 2026 йилда Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисидаги қарорни имзолади. Ҳужжатга кўра, бу йилги байрамнинг биринчи куни 27 май — чоршанба кунига тўғри келади.

Дам олиш кунлари тақвими
Иш ҳафтасининг туридан қатъи назар, барча ходимлар учун қуйидаги кунлар дам олиш куни деб эълон қилинди:

27 май (чоршанба) — Қурбон ҳайитининг биринчи куни;
28 май (пайшанба) — қўшимча дам олиш куни;
29 май (жума) — қўшимча дам олиш куни;
30 май (шанба) — олти кунлик иш ҳафтасидагилар учун қўшимча дам олиш куни (беш кунликлар учун одатий дам олиш куни);
31 май (якшанба) — одатий дам олиш куни.

Зиёратчилар учун қулайликлар
Президент топшириғига биноан, Туризм қўмитаси ва Транспорт вазирлиги ҳамкорликда аҳолининг муқаддас қадамжолар ҳамда тарихий обидаларга саёҳат қилишлари учун махсус қулайликлар ва қўшимча шароитлар яратади.

Маҳаллий ҳокимликларга байрамни миллий анъаналарга мос, юқори кайфиятда ташкил этиш, шунингдек, ёрдамга муҳтож инсонларни моддий ва маънавий қўллаб-кувватлаш вазифаси юклатилди. Қарор ижросини назорат қилиш Бош вазир А. Арипов ва Президент маслаҳатчиси С. Умурзаков зиммасига қўйилди.

Ўзбекистон