Тошкент метросида ўзгаришлар: интерваллар қисқариши ва масофага қараб тўлаш тизими
Станциялар сонини 79 тага, йўналишлар узунлигини эса 103 километрга етказиш режалаштирилмоқда.

«Тошкент метрополитени фаолиятининг самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
Қарорга кўра, қуйидагилар 2030 йилгача метрополитенда йўловчи ташишни ривожлантиришнинг асосий мақсадлари ва устувор вазифалари этиб белгиланди:
• метрополитенда ташиладиган кунлик йўловчилар сонини
1,8 млн нафарга, бекатлар сонини 79 тага ва линиялар узунлигини 103 кмга етказиш;
• ҳаракат интервалини 2-3 дақиқагача тушириш ва бошқалар.
Хусусан, 2028 йил якунига қадар:
• метро бекатларига кириш жойларида ҳамда бекатдан-бекатга ўтиш йўлакларида йўловчилар хавфсизлигини таъминлаган ҳолда вендинг аппаратлари ва кичик кўчма савдо объектларини жойлаштириш чоралари кўрилади.
Метро станциялари олдида автотураргоҳларни ташкил қилиш орқали қуйидагиларни назарда тутувчи «Park & Ride» тизими йўлга қўйилади:
• автотураргоҳдан фойдаланганларга чиптадан чегирмалар бериш;
• автотураргоҳ тўловини метро чиптаси орқали қоплаш механизмларини жорий этиш.
Шунингдек, хусусий тадбиркорларга метрополитен тоннель ва бекатларида аукцион орқали ижара асосида хавфсиз фаолият турлари билан шуғулланишга рухсат берилади.
Бундан ташқари, Тошкент метрополитенида йўлкира ҳақини тўлашнинг янгича тизими жорий этилади.
Йўлкира ҳақини тўлашнинг янгича тизимида қуйидаги мажбурий тамойиллар акс этади:
• масофага қараб тўлаш (йўловчи босиб ўтган масофаси ёки бекатлар сонига қараб ҳақ тўлайди);
• аҳоли тоифаларига имтиёзлар бериш (муайян қатламлар учун алоҳида енгилликлар кўзда тутилади);
• абонементлар тизимини жорий этиш (йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида кунлик, ҳафталик ва ойлик абонементлар йўлга қўйилади).





